ОКМК: истиқболли ҳамкорлик янада кенгаяди
Олмалиқ кон-металлургия комбинати кўплаб хорижий давлатларнинг етакчи компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб келмоқда.
Бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатига Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тим Торлоу бошчилигидаги Буюк Британия делегацияси ташриф буюрди.
Делегация таркибида Буюк Британиянинг Халқаро савдо департаменти бош директори Эндрю Митчелл, Weir Minerals компанияси бошқарувчи директори Карола Шульц, Standard Chartered Bank тузилган экспортни молиялаштириш бўйича директори Десислава Радевалар келди.
Ҳар икки томон ўртасида ташкил этилган учрашувда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари, Standard Chartered ва UKEF банкининг ОКМК инфратузилмаси ва капитал лойиҳалари учун молиявий ечимлари муҳокама этилди.

Учрашувда меҳмонларга комбинат фаолиятига оид видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, музокаралар чоғида Британиянинг тоғ кончилик соҳасидаги компаниялари ва ОКМК ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, шу жумладан 3-Мис бойитиш фабрикасига Weir Mineralsни хизмат кўрсатиш юзасидан келишув муҳокама қилинди.
Юқори мартабали меҳмонлар ташриф доирасида Қалмоққир, “Ёшлик-1” конларига, янги барпо этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикасига ҳамда Мис эритиш заводига ҳам бориб, технологик ишлаб чиқариш жараёни билан танишишди.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки ОКМК ҳамда Буюк Британиянинг бир қатор компаниялари ўртасида ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жумладан, жорий йилнинг 29 ноябрь куни ОКМК ва Weir Group plc компанияси ўртасида Мис бойитиш фабрикасига ускуналар етказиб бериш бўйича 14,2 миллион евролик шартнома имзоланди.
Шунингдек, 3-Мис бойитиш фабрикасининг лойиҳа ҳужжатларини техник жиҳатдан баҳолаш ва қабул қилиш учун Буюк Британиянинг “Technip Energies” компанияси жалб қилинган. Бундан ташқари, халқаро миқёсда тан олинган стандартлар орасида ажралиб турувчи JORC кодекси бўйича ОКМК захираларини ҳисоблаш ишларини ҳам айнан Англиянинг дунёдаги етакчи компанияси саналган SRK consulting амалга оширган.
ОКМК Ахборот хизмати