ОКМК геологлари учун халқаро семинар
Олмалиқ шаҳридаги Муҳандислик мактабида ОКМК геологлари ва соҳа мутахассислари учун халқаро миқёсдаги илмий-амалий семинар бўлиб, ўтди.
Тажриба алмашиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида семинарга Қозоғистон Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари – Д. Серикбаев номидаги Шарқий Қозоғистон техника университети ҳамда С.Ўтебаев номидаги Атирау нефть ва газ университетининг профессор-ўқитувчилари таклиф этилди.

Семинарда комбинат таркибий бўлинмаларидан саралаб олинган ходимларга қозоғистонлик олим, техника фанлари номзоди ва профессор Апшикур Байтак "Геология ва минерал ресурслар соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишлари", Атирау нефт ва газ университетининг катта ўқитувчиси Алия Абилгазиева “Марказий Осиёда геологик тадқиқотларнинг таълим ва инфратузилмавий салоҳиятини ривожлантириш” мавзуларида маърузалар қилишди.
Тадбирда комбинат малакали мутахассис ва ходимлари хорижлик олимлар билан Марказий Осиё минтақасида геология соҳасини ривожлантириш, таълим ва инфратузилмавий салоҳиятни янги босқичга кўтариш бўйича фикр алмашди.
– Биз Олмалиққа “КазУзГео” халқаро ёзги мактаб лойиҳаси доирасида ташриф буюрдик, – дейди Атирау нефт ва газ университети катта ўқитувчиси Алия Абилгазиева. – Бу икки давлатнинг тоғ-кон йўналишидаги олий ўқув юртлари ҳамкорлигига асосланган бўлиб, ташрифдан кўзланган асосий мақсадимиз ўзаро тажриба алмашишдан иборат. Бугун ОКМКнинг Қалмоққир ва Ёшлик конларида бўлиб, у ердаги маъданни қазиб олиш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Бу эса талабаларимиз учун билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлашга имкон яратди. Белгиланган дастурга кўра Муҳандислик мактабида семинар ўтказиб, ўз билимларимиз билан ўртоқлашдик. Мазкур лойиҳа университетларимиз ва саноат ўртасидаги интеграцияни ривожлантириб, кучли мутахассисларни тайёрлашга ёрдам беради.

Муҳандислик мактабида ўтган ушбу учрашув комбинат ходимларининг малакасини ошириш ва ишлаб чиқаришга илғор илмий ёндашувларни жорий этишда бир сабоқ бўлди.
А.Мусаев, ЎзА