Оилавий қадриятларни менсимаслик, ўзаро келишмовчиликлар нимага олиб келмоқда?
Қадриятларга юзаки ёндашиш, ўзаро келишмовчиликлар оқибатида оилаларнинг ажралиш ҳолатлари ошмоқда. Бу, ўз навбатида, алимент ундиришга доир ижро ҳужжатлари сонининг ортиб кетишига олиб келмоқда.
Мажбурий ижродаги энг муаммоли йўналишлардан бири ҳам алимент ундирувлари ҳисобланади. 2025 йилда келиб тушган мурожаатларнинг 54 фоизи алимент ҳужжатлари ҳисобланади.

Жорий йил 13 март куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янги даражага кўтариш ва жамоатчилик фикрини чуқур таҳлил қилиш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Мажбурий ижро бюроси алимент бўйича ариза тушса, ундириб бераётгани, лекин алимент тўловчининг расмий даромади бўлмагани учун мурожаатларнинг 30 фоизи ҳал қилинмасдан қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Дарҳақиқат, алимент ундириш тўғрисидаги суд қарорлари ижросини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Алимент ундириш тизими қандай йўлга қўйилган, умуман, тизимда амалга оширилаётган ишлар ишлар кўлами қандай? Шулар хусусида Мажбурий ижро бюросининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори Муҳаммад-Ризо Ҳамидовнинг фикрларига қизиқдик.
–Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгилаб қўйилган, – деди Муҳаммад-Ризо Ҳамидов. – Шунга мувофиқ ундирувчи алимент масаласида аввало суд буйруғини чиқариш тўғрисида тегишли судларга ариза билан мурожаат қилиш имконига эга. Алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати судлардан Мажбурий ижро бюросининг тегишли туман-шаҳар бўлимларига келиб тушади. Шу кундан эътиборан ижро иши қўзғатилади ва бу ҳақида тарафларга электрон хабарномалар юборилади.
Алимент қарзининг миқдори ижро ишига масъул бўлган давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган миқдордан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Оила кодексига кўра вояга етмаган болаларга тўланадиган алимент қарзининг миқдори алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади миқдоридан келиб чиққан ҳолда алимент ундирилмаган вақт учун ҳисоблаб чиқилади.
Агар алимент тўлаши шарт бўлган шахс шу даврда ишламаган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича алимент ҳисоблаб чиқилади.
– Алимент ундиришда қарздорга тегишли воситалар қайси ҳолларда хатланади?
– Бу жараёнда ижро ҳужжати юзасидан вужудга келган қарздорлик туфайли унинг мол-мулклари қонуннинг 47-моддасига асосан хатланиши мумкин. Хатланган мол-мулк баҳолангандан сўнг электрон онлайн аукционга қўйилади ҳамда сотувдан тушган пул маблағлари ундирувчига топширилади.
Шу ўринда Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан амалга оширилаётган яна бир ижобий амалиётни айтиб ўтиш лозим. Қарздорларнинг мол-мулкларини хатлашдан олдин улар билан профилактик суҳбат ўтказилади. Айрим қарздорлар муқим иш ўринга эга бўлмаганлиги сабабли алимент пул маблағларини ўз вақтида амалга ошира олмаётгани маълум бўлмоқда. Шу сабабли қарздорларни давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда имконият даражасида ишга жойлаш чоралари кўрилмоқда. Натижада, ўтган давр мобайнида 27 минг нафарга яқин алимент тўловчининг бандлиги таъминланиб, ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
– Қарздорнинг алиментни ўз вақтида бермаслиги қамоқ жазосига сабаб бўлиши қай даражада натижа беради?
– Таҳлилларга кўра, 2025 йил давомида алиментни ўз вақтида тўламаган қарздорларга нисбатан 16163 та маъмурий ва 1283 та жиноят ишлари қўзғатилган. Эътибор беринг, судларга юборилган 6215 дан ортиқ маъмурий материал бўйича қарздорларга жазо қўлланилмаган.
Бунинг асосий сабабларидан бири – ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахслар суд жараёнларида ўз масъулиятини ҳис қилиб, алиментдан бўлган қарздорликни тўлиқ тўлаб берган.
– Алимент туфайли қарздорнинг хорижга чиқишига тўсқинлик қилиниши соҳага ва жавобгарга қай даражада ноқулайлик туғдиради?
– Аввало бу борада чекловни ечиш учун етарлича имкониятлар мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йилдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорида алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш асослари белгилаб берилган.
Маълумки, алиментга оид ижро ишлари одатий тарзда – ижроси тўлиқ таъминланганда, ундирувчи ёки суд томонидан қайтариб олинганда тамомланади. Бунда қарздорга қўйилган чекловлар автоматлаштирилган электрон тизим орқали бекор қилинади.
Бундан ташқари, “Суд ҳужжати асосидаги ижро ҳужжатларини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш бўйича ваколатли давлат органларининг ҳамкорлиги тўғрисида”ги низом қабул қилинган. Унга асосан алимент тўлаш мажбурияти юклаган суд ҳужжати бўлган шахслар суғурта полисини илова қилган ҳолда давлат ижрочисига илтимоснома билан мурожаат этса, уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича қўйилган вақтинчалик чеклови тўхтатиб турилади. Бунда тегишли суғурта турлари фақат махсус лицензияга эга бўлган суғурталовчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Суғурта полиси алимент мажбуриятларини бажаришни кафолатлашга хизмат қилади.
– Энг кўп қарздорлик алиментдан қайси ҳудудларга тўғри келмоқда?
– Иш юритувдаги алимент ижро ҳужжатларини ҳудудлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, Самарқанд вилоятида 46 мингдан кўпроқ алимент ижро ҳужжати бўлиб, кейинги ўринлар Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу ўринда қайд этиш лозим алимент бўйича ўтган даврда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, соҳа рақамлаштирилиб, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими – “E-алимент” дастури яратилди. Тўлов интизомига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида алимент пулларини банк карталари орқали ундириш амалиёти жорий этилди ва алимент олувчилар бепул карталар билан таъминланди.
Биргина ўтган йили 153 мингта банк картаси ундирувчиларга бепул тарқатилди. Муқаддам, алимент пуллари ундирувчиларга почта орқали 10 кунда етказилган ва қарздордан 6 фоиз почта хизмати ундирилган.
Янги тизим орқали эса 2025 йилда 186 миллиард сўмлик почта харажати тежалиб, алиментга йўналтирилди.
Яна бир жиҳат юртимизда МДҲ давлатлари ичида ягона бўлган “Алимент тўловлари” давлат жамғармаси ташкил қилинди. Ўтган даврда жамғарма ҳисобидан 2 302 нафар ундирувчига 67,1 миллиард сўм тўлаб берилди.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.