Оила ва ота-оналик — юксак масъулият намунаси
Бугунги кунда ёшларнинг оила олдидаги масъулиятини ошириш, хонадонларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Масъулиятли ота-оналик” лойиҳаси оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш ҳамда фарзанд тарбиясида ота-оналарнинг ролини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқилган мазкур лойиҳа доирасида тизим ходимлари ва маҳаллалардаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш, уларни услубий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — тарбия маданиятини юксалтириш, ота-оналарга фарзанднинг жисмоний, ақлий ва руҳий ривожланишида онгли иштирок этишни ўргатиш ҳамда «Бахтли оиланинг олтин стандарти» мезонларини ҳаётга жорий этишдан иборат. Шунингдек, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва низоли вазиятларни ижобий ҳал этиш стратегияларини ўргатиш ҳам диққат марказида бўлиб турибди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида махсус рақамли платформа ва мобиль илова ишга туширилди. Ушбу ресурсларда ота-оналар учун видеодарслар, подкастлар ва илмий-оммабоп мақолалар жамланган. Олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан тайёрланган «Масъулиятли ота-оналик» ўқув қўлланмаси 10 минг нусхада нашр этилиб, маҳаллалар ва ФҲДЁ бўлимларига тарқатилди.
Бундан ташқари, тарбия жараёнига оид 8 та видеодарс ва 15 дан ортиқ турдаги тарқатма материаллар тайёрланиб, республика бўйлаб таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда. Лойиҳа нафақат ёш ота-оналарни, балки 9,3 миллион нафар туғиш ёшидаги хотин-қизларни ҳам қамраб олишни мақсад қилган.
Лойиҳа доирасида илгари сурилаётган бола билан эмоционал боғлиқликни таъминлаш, шахсий намуна кўрсатиш, меҳр ва интизом ўртасидаги мувозанатни сақлаш каби тамойиллар ҳар жиҳатдан баркамол авлодни вояга етказишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Н. УСМОНОВА, ЎзА