Ўғри қиз қўлга тушди
Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 11 июль кунидан 11 август кунига қадар бўлган вақт оралиғида номаълум шахс ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида Бухоро шаҳар Фатхобод кўчасида яшовчи, 1980 йилда туғилган фуқаро Р.Л. нинг уйига ғайриқонуний равишда киради.
Натижада шкаф ичида бўлган қизил рангли аёллар қишки кийими чап чўнтагида матога ўраб қўйилган аёллар тилла тақинчоқларини яширин равишда талон-торож қилиб, жабрланувчига 10 млн. сўм миқдорда моддий зарар етказади.
Мазкур ҳолат юзасидан шаҳар ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 169-моддаси 2-қисми “Г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, кечиктириб бўлмас суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Жиноят иши бўйича олиб борилган тезкор-техник, суриштирув ҳамда тергов ҳаракатлари давомида ушбу жиноятни Бухоро шаҳар Б.Нақшбанд кўчасида яшовчи, 1994 йилда туғилган ҳамшира қиз фуқаро A.З. содир қилганлиги аниқланиб, ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ушбу шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА