Оғир атлетикада янги рекорд – 43 та жамоа Ўзбекистон кубоги учун курашмоқда
Термиз шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар (U17) ва кичик ўсмирлар (U-15) ўртасида ўтаётган Ўзбекистон кубогида 43 та жамоа қатнашмоқда. Бу, мазкур олимпия спорт турида ўзига хос рекорд кўрсаткич бўлди.
Мусобақанинг ортда қолган олтинчи кунги баҳслари ҳолатида ўсмирлар ўртасида 3 та олтин, 2 та кумуш ва 4 та бронза медалига эга Навоий вилояти жамоаси 19 та жамоа орасида етакчилик қилмоқда.

Мамлакат кубогининг кичик ўсмирлар баҳсида эса 24 та оғир атлетика жамоалари ичида Хоразм вилояти вакиллари 5 та олтин, 1 та кумуш, 3 та бронза медали билан бош совринга даъвогарлик қилмоқда.

-Мамлакатимизда Акбар Жўраев, Руслан Нуруддинов сингари Олимпия ўйинлари ғолиблари ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқиши ортидан ёшлар орасида ушбу спорт турига қизиқувчилар анча ортди. Бу ўз навбатида, полвонлар мусобақасини нафақат оммавийлаштирди, балки унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашига ижобий таъсир кўрсатди. Бундан ўн йиллар муқаддам ўсмирлар ва кичик ўсмирлар ўртасидаги республика чемпионатларида жуда кам жамоа иштирок этар, айрим ҳолларда баъзи ҳудудлардан биронта ҳам ёш оғир атлетикачи мусобақада иштирок этмаган пайтлар бўларди. Давлатимиз томонидан берилаётган эътибор, Олимпия спорт турлари бўйича ишлаб чиқилган дастурлар, мураббий ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракати туфайли кейинги 4-5 йил оралиғида иштирокчилар сафи ортди. Вилоятларда республика мусобақасига саралаш турнирлари йўлга қўйилди. Биргина Термизда ўтказилаётган мазкур кубок мусобақаларида умумий ҳисобда 43 та жамоа қатнашаётганлиги ёшларимиз орасидан истеъдодлиларни саралаш, танлаш ва уларни йўналтиришнинг кенг майдони яратилганлигидан далолатдир, - дейди Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош мутахассиси Азамат Шарипов.
Бугун, 9 октябрь куни кубок мусобақаларининг ўсмирлар баҳсида йигитлар 75 ва +75 килограммда, оғир атлетикачи қизлар -77 ҳамда+77 кило оғирликда куч синашди.
Ҳар бир вазн тоифасидаги мусобақаларда 20-30 нафардан спортчилар даст ва силтаб кўтариш машқларида ўз омадларини синовдан ўтказди.
Шиддатли кечган мусобақалар якунида аёллар ўртасида хоразмлик Осиё Сарабоева, бухоролик Маликабону Файзуллаева, навоийлик Шабнам Жамолова ғолибликка эришган бўлса, йигитлар орасида андижонлик Бобуржон Али Охунов, жиззахлик Вайс Жамолиддинов, наманганлик Бунёджон Собиров, Муҳаммадризо Исмоилжонов олтин медалларга эга чиқди.
Т. Рўзиев, ЎзА