Оғир атлетика: Осиё рекорди Тошкентда янгиланди
Пойтахтимизда ўтаётган Осиё чемпионати баҳсларининг якунланишига бир кун қолганда Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасининг умумий медаллари сони 52 тага етди.
Бугун, 14 август куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ўтаётган Осиё чемпионатининг сўнгги кунида йигитлар -110, +110, қизлар -86, +86 кило оғирликда қитъа чемпионлиги учун кураш олиб боради.
Кун давомидаги баҳсларда Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари Нодир Жўраев ва Омадилло Олимов қитъанинг энг маҳоратли оғир атлетикачилари билан баҳсларга киришади.
Қитъа чемпионатининг ортда қолган еттинчи кунги мусобақаларида мамлакатимизнинг ўсмир оғир атлетикачиларидан Бекзод Ғофиржонов, Муҳаммадшокир Турдалиев, Алишер Османов, Элбек Идиев -95 ва +95 килода, Дилнура Холдорова, Дилноза Файзуллаева ва Ҳулкар Рўзиқулова қизлар ўртасидаги -77 ва +77 килограмм вазнда ўз омадини синовдан ўтказди.
30 дан зиёд мамлакатларнинг истеъдодли оғир атлетикачилари қатнашаётган қитъа чемпионатининг кеча ўтказилган мусобақаларнинг илк босқичида терма жамоамиз аъзоси Дилнура Холдорова -77 кг. вазн тоифасида 98 ҳамда 101 кг. оғирликдаги тошларни муваффақиятли кўтариб бронза, Дилноза Файзуллаева 100 кг. натижа билан даст кўтаришда бронза медалини қўлга киритди.
+77 кг. вазн тоифасида баҳс олиб борган истеъдодли спортчимиз Ҳулкар Рўзиқулова даст кўтариш машқида 94, 98 ҳамда 102 кг. оғирликдаги тошларни муваффақиятли кўтариб, бронза медаль билан тақдирланди.
Чемпионатнинг -95 кг. вазн тоифасидаги баҳслар терма жамоамиз вакиллари учун омадли кечди.
Ўсмирлар ўртасида Муҳаммадшокир Турдалиев силтаб кўтаришда 196 кг. натижа қайд этиб, олтин медалга эга чиқиши ортидан Осиё рекордини янгилади. Икки курашда эса 349 кг. натижа билан кумуш медаль соҳибига айланди.
Алишер Осмонов силтаб кўтаришда 184 кг. натижа билан бронза, икки курашда 335 кг. қайд этиб, яна бир бронза медалига эга чиқди.
Ёшлар ўртасида Бекзод Ғофиржонов силтаб кўтаришда 205 кг. натижа билан кумуш медални, икки курашда эса 362 кг. натижа билан яна бир кумуш медаль соҳиби бўлди.
Оғир атлетикачиларимизнинг -95 кг. вазн тоифасида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритгани ушбу оғирликда иқтидорли ёшлар сафи ортганини кўрсатди.
Мусобақанинг +95 кг. вазн тоифасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Элбек Идиев даст кўтаришда 151, 154 ва 157 кг., силтаб кўтаришда 190 ҳамда 198 кг. оғирликдаги тошларни бўйсундириб, икки кураш якунига кўра, учта бронза медалини терма жамоамиз ҳисобига қўшди.
Айтиш лозим, бугунгача мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаси аъзолари Осиё чемпионатида қўлга киритган умумий медаллар сони 52 тага етди. Шундан, ўсмирлар терма жамоамиз аъзолари 5 та олтин, 10 та кумуш, 9 та бронза медални қўлга киритган бўлса, ёш оғир атлетикачиларимиз 6 та олтин, 8 та кумуш, 14 та бронза медалларига эгалик қилди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимларида Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) президенти Муҳаммад Жалуд ал-Шаммари ҳамда Осиё оғир атлетика федерацияси президенти Муҳаммад Ал-Мана, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов ва бошқалар иштирок этди.
Тўлқин Рўзиев,
Алимурод Мамадаминов(фото), ЎзА