Оғир атлетика: Чемпионларнинг муносиб издошлари бор
Хивада оғир атлетика бўйича давом этаётган Ўзбекистон чемпионатининг биринчи ва иккинчи кунги дастурларидан ўрин олган вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар маълум бўлди.
Чемпионат дастурига биноан дастлабки кунларда “Токио – 2020” олимпия ўйинлари иштирокчиси Адҳамжон Эргашев, 2021 йилги жаҳон чемпиони Достон Ёқубов, ёшлар ва катталар ўртасида жаҳон чемпонатлари совриндорлари Муҳаммадқодир Тоштемиров, Сарвар Зафаржонов, Кумушхон Файзуллаева каби номдор оғир атлетикачилар иштирокидаги баҳслар зўр қизиқиш билан бўлиб ўтди.

Кутилганидек, Хива супачасида кечган муросасиз баҳслар уларга муносиб қаршилик кўрсата оладиган ёшлар етишиб келаётганлигини кўрсатди.
67 кг вазнда Адҳамжон Эргашев иккикураш натижасига кўра, 310 тошни буйсиндирган ҳолда ғолиб чиққан бўлса, ушбу вазнда Адҳамдан 5 ёш кичик бўлган 2004 йилда таваллуд топган Хасанбой Бердиев ва Нодир Эргашевлар тажрибали спортчига муносиб қаршилик кўрсатиб, 2 ва 3-ўринларни эгаллашди.

Худди шунингдек, 73 кг оғирликда чемпионликни тантана қилган Достон Ёқубовга ундан 6-7 ёш кичик бўлган Мушарраф Раҳимов ҳамда Асадбек Наримонов муносиб рақобат қила билишганлиги юртимизда чемпионларнинг муносиб издошлари камолга етаётганлигини кўрсатди.

21 март – чемпионатнинг сўнгги кунида Рио ва Токио олимпиадаси ғолиблари Руслан Нурудинов ҳамда Акбар Жўраев Хива спорт майдонида Ўзбекистон чемпионлиги учун курашади.

Тўлқин Рўзиев,
ЎзА