Оғир атлетика: Чемпионат ҳаяжонлар майдони эмас
Тошкентда катта ҳаяжон билан давом этаётган оғир атлетика бўйича эркаклар ўртасидаги 86, аёллар ўртасидаги 29-жаҳон чемпионатининг ортда қолган олти кунига назар ташлаб, мусобақалар кутилган ва кутилмаган натижаларга бойлиги ва юртимизда бир қатор жаҳон рекордлари янгиланаётганлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бугунгача жаҳон чемпионати давомида аёлларнинг ҳам, эркакларнинг ҳам бештадан вазнида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.
Умумий медаллар ҳисоби бўйича икки кураш натижасига кўра, 2 та олтин ва 1 тадан кумуш ва бронзага эга бўлиб турган таиландликлар етакчилик қилаётган бўлса, улардан кейинги ўринларни 1 тадан олтин медални қўлга киритган Ўзбекистон, Индонезия, Қозоғистон, Тунис, Хитой Тайпейи, Жанубий Корея эгаллаб келмоқда.
Ҳозирги кунгача жаҳон чемпионатида иштирок этаётган 80 га яқин мамлакатнинг 19 таси жаҳон чемпионатининг медалларини қўлга киритди. 60 га яқин мамлакатнинг спортчилари эса ҳали чемпионатнинг бирон-бир совринли ўрнидан жой олганича йўқ.
Кеча, 12 декабрь куни куннинг иккинчи ярмида жаҳон чемпионатининг аёллар ўртасида 64 килограмм вазнда, эркаклар ўртасида 81 килограмм оғирликда медалллар учун кураш бўлиб ўтди.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси матбуот хизматининг хабарига кўра, 81 килограмм оғирликда мамлакатимиз шарафини наманганлик истеъдодли спортчимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров ҳимоя қилди. Эътиборлиси, ёшлар ўртасида жаҳон чемпионлигига эришган 20 ёшли Муҳаммадқодир Тоштемиров дунёнинг энг сара атлетлари билан муносиб баҳслашди.
Даст кўтаришнинг дастлабки уринишида Муҳаммадқодир 157 килограмм тошни ишонч билан кўтарди. Аммо, кейинги уринишларда унга омад кулиб боқмади. Силтаб кўтаришда ҳамюртимиз 180 килограмни кўтаргач, мураббийлар бирданига 12 килограмм қўшишга қарор қилишди. Спортчимиз тошни кўтарди. Лекин ҳаяжонланди. Чемпионат хис-ҳаяжонлар майдони эмаслигини бироз унутди, назаримизда. Оқибатда ҳакамлар жараёнда хатога йўл қўйилди, деб топишди. Такрорий уринишда Тоштемиров 192 килограмм оғирликни бўйсиндирди ва якунда еттинчи ўринни эгаллади.
Ушбу вазнда иккикураш натижасига кўра, 374 кг билан болгариялик Насар Карлос Хасан биринчи ўринни банд этди. У даст кўтаришда (166 кг) ҳам, силтаб кўтаришда ҳам (208 кг) рекордларни янгилашга муваффақ бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринлар эронлик Мустафо Мир Жавали (367) ҳамда молдовалик Робу Марин (363)га тегишли бўлди. Ўзбекистон терма жамоасининг 20 ёшли спортчиси Тоштемиров (349) илк бор иштирок этган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатини тўққизинчи ўрин билан якунлади.

Бугун, 13 декабрь куни жаҳон чемпионатида аёллар 71 килограмда, эркаклар бўлса, 89 килограмда мусобақа медаллари учун супага кўтарилишади. Шунингдек, бугунги дастурга биноан эркаклар ўртасида 96 килограмда чемпионатнинг саралаш баҳслари ўтказилади.

Аҳамиятлиси, бугунги мусобақаларда ўзбекистонлик 3 нафар спортчи жаҳон чемпионатининг совринли ўринлари учун курашга киришади. 71 килограмм оғирликда Токио олимпиадаси иштирокчиси Кумушхон Файзуллаева, 89 килограмм оғирликда Отахон Имомов ва Сарварбек Зафаржонов жаҳоннинг энг кучли спортчилари билан рўбарў келади.
Тилагимиз спорт фаолияти мобайнида ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, мамлакат биринчиликлари, халқаро турнирларда ўз маҳоратини кўрсатиб, ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган шижоатли спортчиларимиз катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида берилган имкониятдан унумли фойдалансин.
Тошкентда ўтаётган тарихий чемпионат саҳнасида минг-минглаб юртдошларимизнинг олқишини олиб, дунё зўрлари билан баҳслашиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бу бахтга мушарраф бўлганларга эса ўзлигини намоён этишида омад кулиб боқса бас.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА