“Одил судлов – 2030”: иқтисодий низоларни ҳал этишда янги ёндашув
Нурота тумани ҳокимлигида 2026 йилнинг 14 августида тасдиқланган “Одил судлов – 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегиясининг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда Навоий туманлараро иқтисодий суди судьялари Бегзод Джумаев ва Бобир Холмуродов, давлат органлари ҳамда муассасаларининг ҳуқуқшунослари ва ходимлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда фуқаролар иштирок этди.
Тадбирда суд тизимида инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, суд ишларини кўриш жараёнларини соддалаштириш ва рақамлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.
– Стратегияда иқтисодий судлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган янги механизмларга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Бегзод Джумаев. – Жумладан, 2028 йил 1 январидан иқтисодий суд ишлари юритувига “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” (Proactive Case Management) стандарти жорий этилади. Унга кўра, ишни кўриш жараёнида муайян расмий камчиликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш учун зарур чораларни кўриш судьянинг вазифасига юкланади. Шунингдек, даъво аризасини қайтариш институтини ислоҳ қилиш назарда тутилмоқда. Хусусан, иш мазкур суднинг судловига тегишли эмаслиги даъво аризасини қайтариш учун асос сифатида қўлланилмайди. Бундай ҳолларда ариза суднинг ўзи томонидан тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказилади. Даъво аризаларига қўйиладиган айрим формал талабларга тўлиқ риоя этилмаган ҳолатларда ҳам аризани қабул қилиш ва аниқланган камчиликларни суднинг фаол кўмаги асосида бартараф этиш механизмининг жорий қилиниши фуқаролар ва тадбиркорларнинг судга мурожаат қилиш имкониятларини янада қулайлаштиришга қаратилган.

Стратегияда суд хизматларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига янада яқинлаштириш мақсадида суд биноларининг кириш қисмида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил этиш белгиланган. Шунингдек, стратегияда низоларни судгача ва суддан ташқари ҳал этиш механизмларини ривожлантиришга ҳам алоҳида ўрин берилган. Хусусан, фуқаролик ва иқтисодий судларда суд медиацияси институтини жорий қилиш, айрим тоифадаги иқтисодий низолар бўйича судгача ҳал қилишнинг мажбурий тартибини белгилаш назарда тутилган.
Трансчегаравий иқтисодий низоларни кўриб чиқишнинг процессуал асосларини UNCITRAL қоидалари билан уйғунлаштириш ҳам халқаро иқтисодий муносабатлар ривожи шароитида муҳим янгиликлардан бири сифатида қайд этилди.
Суд тизимида институционал ўзгаришлар ҳам амалга оширилади. Жумладан, 2027 йил 1 июлидан ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга ҳудудлараро судларни ташкил этиш белгиланган.
Суд иш юритувини рақамлаштириш мақсадида “my.sud.uz” интерактив хизматлар портали ва унинг мобил иловасини такомиллаштириш, суд хабарномаларини электрон шаклда юбориш тизимига босқичма-босқич ўтиш назарда тутилмоқда.

Тадбир давомида иштирокчиларга суд харажатлари ва давлат божини тўлаш тартибини такомиллаштириш, суд ҳужжатларини қисқа ва тушунарли шаклда тайёрлашга қаратилган “соддалаштирилган суд ҳужжати” модели, шунингдек, суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш механизмлари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан батафсил жавоб олди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири