«Одил судлов – 2030» – адолат сари дадил қадам
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йил 14 август куни имзоланган «Одил судлов – 2030»: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси тўғрисида»ги Фармон мамлакатимизда судларни чинакам адолат қўрғонига айлантиришга қаратилган яна бир дадил қадам бўлди.
Эътироф этиш керак, мазкур Фармон асосида суд тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди. Хусусан, «халқчил суд» йўналиши судлар фаолиятининг шаффофлиги, суд жараёнлари ва суд фаолиятига оид ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали суд тизимининг очиқлигини таъминлаш ва жамиятда судга бўлган мутлақ ишончни қарор топтириш, судларни бюрократиядан бутунлай холи тизимга айлантиришни назарда тутади. Инсон ҳуқуқлари устуворлигини сўзсиз таъминлайдиган, ҳар қандай таъсир ва аралашувлардан холи, мустақил одил судлов тизимини мустаҳкамлаш «Адолат қўрғони» йўналишининг талабларидир.
«Кафолатланган адолат» йўналиши эса қонуний, адолатли ва асослантирилган суд қарорларини қабул қилиш, уларнинг сифати ва барқарорлигини таъминлаш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини судда тиклаш кафолатларини кучайтиришга қаратилган. «Адолат посбонлари» – халқ хизматида бўлган, юксак маънавий ва профессионал фазилатларга эга, адолат мезонларига қатъий риоя қилувчи судьялар корпусини шакллантиришни англатади.
Бундан ташқари, «рақамли одил судлов» йўналишида суд иш юритувини тўлиқ рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали фуқаролар учун ортиқча оворагарчиликларсиз, қулай ва тезкор суд муҳокамаси имконияти яратилади. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор халқаро стандартларни миллий суд амалиётига имплементация қилиш ва мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш ишлари «Халқаро эътироф» йўналишида амалга оширилади.
Таъкидлаш лозимки, суд қарорларини қайта кўриб чиқишнинг холислиги ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида 2027 йил 1 июлдан бошлаб умумюрисдикция ва маъмурий суд йўналишларида ишларни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган, юрисдикция ҳудуди бир нечта маъмурий-ҳудудий бирликларни қамраб оладиган ҳудудлараро судлар ташкил этилади. Ҳудудлараро судларга вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни тафтиш тартибида, мазкур судлар томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилади. Уларда тафтиш тартибида кўрилган ишлар Олий судда қайта кўрилади.
Яна бир янгилик. Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига суд ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш мақсадида 2027–2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман, шаҳар судлари ташкил этилади. Бунда аҳоли сони, судга келиб тушаётган ишлар ҳажми ва динамикаси, судьяларнинг иш юкламаси, ҳудудий хусусиятлар ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятлари инобатга олинади.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони асосида 2027 йил 1 июлдан бошлаб «асосли гумон» (Prima Facie) халқаро стандартига мувофиқ тергов судьясига тегишли процессуал мажбурлов чораларини қўллаш (санкция бериш) тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини, шубҳа туғилган тақдирда, тергов сирини таъминлаган ҳолда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиш йўли билан текшириш ваколатлари ҳам берилади.
Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунига шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклаш билан боғлиқ тадбирларни ўтказишга судлар томонидан санкция берилишини назарда тутувчи норма ҳам киритилади. Бу ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Қолаверса, 2027 йил 1 апрелга қадар Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, 2030 йилга қадар судларга мурожаат қилган фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига замонавий стандартлар асосида қулайликлар яратиш, судлар фаолиятида бюрократияни камайтириш ва очиқликни таъминлаш мақсадида суд биноларининг кириш қисмида «ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатиш офислари фаолияти йўлга қўйилади. Ушбу офислар томонидан аҳолига зарур ахборотларни бир жойнинг ўзида тақдим этиш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий ёрдам кўрсатиш, мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва рақамли суд хизматларидан фойдаланишда амалий кўмаклашиш чоралари кўрилади.
«Ягона дарча» тамойили асосида даъво аризасини қайтариш институтини ислоҳ қилиш орқали судга мурожаат қилиш соддалаштирилади. Бунда фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритишда аризани қайтаришнинг «иш мазкур суднинг судловига тегишли бўлмаслиги» асосини бекор қилиш ва аризани шу суднинг ўзи томонидан тегишлилиги бўйича бошқа судга ўтказиш тартиби жорий этилади. Жузъий (формал) талабларга риоя этмасдан берилган даъво аризасини қабул қилган ҳолда камчиликларни суднинг фаол кўмаги ёрдамида бартараф этиш тартиби йўлга қўйилади.
Эътирофга молик яна бир янгилик шуки, 2027 йил якунига қадар судларга мурожаат қилишда қўшимча имконият ва қулайликларни яратиш мақсадида Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар портали такомиллаштирилиб, унинг янгиланган мобил иловаси ишга туширилади. Шунингдек, порталда «Судга мурожаат намуналари» интерактив хизмати ривожлантирилади. Натижада даъво аризалари ва бошқа ҳужжатларни тайёрлаш орқали судга мурожаат қилиш осонлашади. Жисмоний ва юридик шахслар сўровига кўра суд ҳужжатларини интерактив тарзда излаш имконияти кенгайтирилади.
Нодиржон КИМСАНОВ,
жиноят ишлари бўйича Косонсой туман судининг тергов судьяси.
ЎзА