Одамларнинг кўп йиллик орзуси ижобат бўлди
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллиги байрами куни Қирғизистон Республикасининг Ўш области Аравон райони ҳамда Андижон вилояти Марҳамат туманини боғлаб турувчи “Мингтепа” чегара пости очилган эди.
Бундан 15 йил аввал фаолиятини тўхтатган мазкур чегара постининг очилиши нафақат чегара ҳудудида яшовчи аҳоли, умуман, андижонликлар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ташаббуси билан икки қардош халқ ўртасидаги дўстлик ва қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик, савдо-сотиқ кўлами тобора кенгайиб бормоқда. “Мингтепа” чегара постининг очилиши ана шу муносабатларни янада юқори босқичга кўтариш билан бирга, халқимизнинг кўп йиллик орзулари ижобати бўлди.
ЎзА мухбирлари бир неча кун аввал иш бошлаган чегара постида бўлиб, мамлакатимиздан қўшни давлатга ўтиш ва кириш учун фуқароларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди, мутасаддилар, юртдошларимиз ҳамда қирғизистонлик меҳмонлар билан суҳбатда бўлди.
– Замонавий, барча қулайликларга эга чегара-божхона пости орқали фуқароларнинг юртимизга кириши ва чиқиши учун зарур барча шароитлар яратилган, – дейди “Мингтепа” чегара-божхона пости смена бошлиғи Ўлмасбек Шеров. – Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган ушбу пост белгиланган тартиблар асосида бир кунда 2 мингдан 4 минггача фуқарони ҳамда 200 дан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.
Қўшничилик муносабатлари, дўстлик ришталари ҳамда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши, қўшни давлатга бориш-келишдаги тўсиқлар, ортиқча оворагарчиликларнинг олиб ташланиши, айниқса, асрлар давомида қўшни яшаётган, тили, дили, дини, турмуш тарзи бир, лекин маълум вақт алоқалари узилиб қолган икки халқ аҳолисини беҳад қувонтирмоқда.
– Ушбу чегара постининг очилганлигидан бутун оиламиз, қариндош-уруғлар жуда ҳам хурсанд, – дейди Қирғизистон Республикаси Аравон райони Бобур маҳалласида яшовчи Ашурали Набиев. – Ўзбекистонда қариндошларим кўп. Бундан 23 йил аввал Ўзбекистонга қиз берганман. Ҳозир катта набирам 22 ёшга тўлди. Кейинги ўн, ўн беш йил давомида борди-келдига жуда қийналдик. Қариндошлар, қизим билан бир-икки йилда бир кўришиш насиб этарди.
2016 йилда Президентларимиз ташаббуси билан Хўжаобод туманида “Дўстлик” чегара пости очилди. Шунга ҳам шукр деб, қизимни кўргани 130 километр йўл босиб келдик. Бугун эса мен каби инсонларга жуда катта имконият яратилди. Уйимдан чегарагача бор йўғи уч километр, чегарадан қизимнинг уйигача беш километр келади. Қаранг, 8 километр жойда яшайдиган қизимни кўрган 130 километр йўл босар, навбатларда туриб, чегарадан қийинчиликлар билан ўтардик.
[gallery-13472]
Оддий халқ учун мана шундай имкониятни яратиб берган Президентларимизга, ҳукуматларимизга раҳмат.
– Мен Марҳамат туманининг чегарадаги Қорабағиш маҳалласида туғилиб ўсганман, Тошкент шаҳрига келин бўлиб тушганман, - дейди Муҳаббатхон Ашурова. – Тақдир тақозоси билан қизимни Ўш областининг Аравон районига турмушга узатганман. Қишлоғимга яқинларимни кўргани келган эдим. Чегара очилганлигини эшитиб, жуда хурсанд бўлдим, қизимни кўргани кетяпман. Ушбу чегара очилмаганида фарзандимни кўргани Андижон – Ўш орқали камида 120-130 километр йўл босиб боришимга тўғри келарди. Оддий халққа енгиллик яратгани учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат.
Абдумалик Абдуллаев Марҳамат туманининг Қорабағиш маҳалласида яшайди. Ўттиз беш йил тумандаги 5-, 35- мактабларда ўқитувчилик қилиб, нафақага чиққанига ҳам беш йилдан ошди.
– Ота уйим Қирғизистон томонда, чегарадан икки километр юқоридаги Бўзариқ маҳалласида эди, – дейди А. Абдуллаев. – Фарғона педагогика институтини тамомлаб, 1981 йилда Марҳамат туманидаги 5- мактабда иш бошлаган, янги уйланган пайтларим эди. Ҳозир яшаётган жойимдан уй қуриш учун ер участкаси берилган. Орадан кўп ўтмай, чегара қурилди. Мен ва бир неча синглим Ўзбекистонда, ота-онам, ака-опаларим эса Қирғизистонда қолди. Ўшанда ким ўйлабди, дейсиз бир оила вакиллари икки давлат фуқароси бўлиб қолишини. Ўн-ўн беш йиллар давомида борди-келдига шунчалар қийналдикки, ҳатто, отам вафот этганида борди-келдидаги қийинчиликлардан, инсонга, унинг шаъни, қадр-қимматига эътиборсизликдан беихтиёр кўзимга ёш олган эдим.
Мустақиллик байрами куни яна кўзимга ёш олдим, бу сафар хурсандчиликдан. Чунки ўша куни ўн беш йиллар аввал ёпилган қишлоғимиздаги чегара пости яна очилди. Ҳозир ёши тўқсонга яқинлашиб қолган онам бор. Чегара очилганидан буён уч марта бориб, хабар олиб келдим. Икки- уч соат вақтим кетди, холос. Одамларга имконият яратса, бўлар эканку. Яратганга шукр, шу кунларни ҳам кўрдик. Президентимизга, ҳукуматимизга раҳмат. Умрим борича мана шу хайрли ишга бош-қош бўлган инсонларни дуо қиламан. Одамларнинг оғирини енгил, муаммоларини ҳал этаётган инсонлар, Юртбошимиз омон бўлсин.
– Бугун мен каби кўплаб юртдошларимиз беҳад мамнун, – дейди Марҳамат тумани Т. Мирзаев маҳалласида яшовчи Турғуной Раҳмонжонова. – Энди Қирғизистонда яшаётган қариндош-уруғларимиз билан бемалол борди-келди қилиш имконига эга бўлдик. Инсон кексайганда кўнгил кишиси бўлиб қолар экан. Ўтиб кетган ота-онам, яқинларимни тез-тез ёдга оламан, уларнинг қабрларини зиёрат қилгим келади. Лекин йўл олислигидан бора олмас эдим. Мана энди қулай имконият яратилганидан беихтиёр кўзларимга қувонч ёшлари келади. Бу каби имкониятлар, умуман, юртимиз фуқароларини ҳаётдан рози қилиш, одамларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш борасида кўплаб хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга ўзим каби чегара ҳудудида яшаётган аҳоли номидан чексиз миннатдорчилик билдираман.
Чегара пости ёнгинасида автотураргоҳ ташкил этилганлиги, ҳудудда аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ошхона, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхона барпо этилаётганлиги, Марҳамат шаҳридан чегара постигача бўлган йўл таъмирланиб, транспорт қатнови, шунингдек, Фарғона вилояти Қува туманидан чегара постига қадар автобус қатнови йўлга йўлга қўйилганлигидан аҳоли янада мамнун.
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари