Одамлар театрни яхши кўради
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Маданият вазирлиги томонидан мамлакатимизда театрларга жамоатчиликни кенг жалб этиш муаммолари ва уларни бартараф этишда замонавий ахборот воситаларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Маданият вазирлиги Театр ва цирк санъатини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Саида Дадамирзаева ва бошқалар пандемия театрлар фаолиятига ҳам ўз таъсирини ўтказганини таъкидлади.
Мавжуд мураккаб вазиятга қарамай, юртимиз театрлари коронавирус таҳдиди кучайган даврда ўз фаолиятини масофавий, онлайн иш тартибига ўтказди. Мураккаб вазиятга қарамай, спектакллар онлайн тарзида ижтимоий тармоқларда ҳамда ойнаи жаҳон орқали намойиш этилди. Шу билан бирга, ижодий жамоалар виртуал конференциялар, онлайн фестивалларда иштирок этишга муваффақ бўлди. Томошабинлар билан мулоқотлар, маҳорат сабоқлари ҳам шу йўсинда йўлга қўйилгани мухлисларнинг театрдан доимий баҳраманд бўлишида муҳим аҳамият касб этди.
Ўтган йилнинг октябрь ойидан юртимиз театр жамоалари ўз фаолиятини тиклашга киришди. Айни пайтда ижодий жамоалар ўз устида ишлашдан, изланишдан тўхтамаслиги зарурлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Президентимизнинг соҳага оид фармони, Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича мамлакатимиздаги деярли барча театрларни реконструкция қилиш кўзда тутилган.
Анжуманда таъкидланганидек, сўнгги йилларда юртимиз театрлари фаолиятида ижобий бурилиш ясалди. Ижодий жамоаларга ҳомий ташкилотларнинг бириктирилиши, "Дўстлар клуби" фаолиятининг кенг йўлга қўйилиши жамоалар учун ғоят фойдали бўлмоқда.
Шу билан бирга, театрлар репертуарини янада бойитиш, улар ишини оммалаштиришда давлат-хусусий шериклик йўналишидан кенг фойдаланиш, театрларни мухлисларга янада яқинлаштириш мақсадида ижодий ҳафталиклар, "Очиқ эшиклар куни" тадбирларини ўтказиш кўзда тутилмоқда.
Дарҳақиқат, қандай муаммо юзага келмасин, халқимиз барибир театрни жуда яхши кўради. Театр ибратхона, маърифат маскани эканини жадид боболаримиз бежиз қайта-қайта таъкидламаган. Анжуманда медиа соҳа вакилларининг саволларига батафсил жавоб қайтарилди.
Н.Усмонова, ЎзА