Одамга ит ҳужум қилса, ит эгасига нисбатан жавобгарлик борми?
Ҳуқуқий муносабат
Бундай ҳолатда ит эгасига нисбатан жавобгарлик мавжуд. Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туевнинг маълумотига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 202-сон қарори билан аҳоли пунктларида итларни сақлашнинг аниқ қоидалари белгиланган.
Ушбу қоидаларга кўра, ит эгаси ҳайвонни рўйхатга олиш, вакцинация қилиш, назорат остида сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятига эга. Мазкур талабларнинг бузилиши қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузганлик учун аниқ жавобгарлик чораларини белгилайди.
Унга мувофиқ, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш, шунингдек, мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни туттириш ва сақлаш чораларини кўрмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3–5 баравари, мансабдор шахсларга эса 5–10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Агар ушбу қоидабузарлик одамларнинг соғлиғига ёки юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига зарар етишига олиб келган бўлса (жиноят аломатлари бўлмаган тақдирда), фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10–15 баравари, мансабдор шахсларга эса 15–30 баравари миқдорида жарима қўлланилади.
Хулоса қилиб айтганда, агар ит ҳужум қилиб, шахсга зарар етказса, бу ҳайвонни сақлаш қоидаларининг бузилганини англатади ва ит эгаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси асосида жавобгарликка тортилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА