Одам савдосига қарши қатъий кураш — давр талаби
Ҳозирги глобаллашув шароитида одам савдоси жаҳон ҳамжамияти олдидаги энг хавфли ва мураккаб трансмиллий жиноятлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. У инсоннинг ажралмас ҳуқуқлари — яшаш, эркин меҳнат қилиш, шахсий дахлсизлик ва қадр-қимматини қўпол равишда бузиши билан алоҳида таҳдид солади. Шу боис, мазкур иллатга қарши курашиш нафақат миллий, балки халқаро даражада ҳам устувор вазифага айланган.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, одам савдоси деганда инсонларни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, ўтказиш, яшириш ёки қабул қилиш каби ҳаракатлар тушунилади. Бу таъриф БМТ нинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси ва уни тўлдирувчи Одам савдосининг олдини олиш, унга чек қўйиш ва жазолаш тўғрисидаги Протоколда (Палермо протоколи) мустаҳкамланган. Ушбу халқаро ҳужжатлар давлатлар зиммасига одам савдосининг олдини олиш, жиноятчиларни жавобгарликка тортиш ва жабрланувчиларни ҳимоя қилиш бўйича аниқ мажбуриятларни юклайди.

Бугунги кунда дунё миқёсида миллионлаб инсонлар турли кўринишдаги эксплуатация — мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация, мажбурий никоҳ ва бошқа шаклларда жабр кўраётгани халқаро ташкилотлар томонидан қайд этилмоқда. Бу эса муаммонинг қанчалик кенг қамровли ва долзарб эканини яна бир бор тасдиқлайди.
Ўзбекистонда ҳам одам савдосига қарши курашиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий ва институционал асослар яратилган. Хусусан, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун, шунингдек, соҳадаги давлат дастурлари изчил амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, меҳнат миграциясини тартибга солиш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш каби чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, одам савдосининг келиб чиқишига ишсизлик, иқтисодий қийинчиликлар, ноқонуний меҳнат миграцияси, аҳолининг етарли ҳуқуқий билимга эга эмаслиги ҳамда ахборот-коммуникация технологияларидан суиистеъмол қилиш каби омиллар таъсир кўрсатади. Айниқса, рақамли муҳитда сохта иш таклифлари, алдов йўли билан чет элга чиқариш ҳолатлари тобора кўпайиб бораётгани хавотир уйғотади.
Ушбу жиноятнинг оқибатлари эса ўта оғир. Жабрланувчилар кўп ҳолларда жисмоний ва руҳий тазйиққа учрайди, уларнинг ижтимоий ҳаётга қайта мослашуви қийин кечади. Бу эса нафақат инсон тақдири, балки жамият барқарорлиги ва давлатнинг халқаро нуфузига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур иллатга қарши курашиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Давлат органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизми мустаҳкамланиб, жабрланувчиларни аниқлаш, ҳимоя қилиш ва реабилитация қилиш тизими такомиллаштирилди. Шунингдек, профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот тадбирлари кенгайтирилмоқда.
Жорий йилнинг 19 март куни Олий Мажлис Сенатида мазкур масалага бағишланган йиғилиш ўтказилиб, соҳадаги ишлар атрофлича таҳлил қилинди ҳамда устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, профилактика чораларини кучайтириш, ҳудудларда назоратни ошириш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти инсон ҳуқуқларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Омбудсман инсон ҳуқуқлари бузилишини мониторинг қилиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, давлат органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш ҳамда ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб бориш каби вазифаларни бажаради.
Айниқса, одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилишда ушбу институтнинг ўрни алоҳида. Омбудсман тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда жабрланувчиларга ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатилишини таъминлашга кўмаклашмоқда. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида илғор тажрибаларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаяпти.
Келгусида рақамли маконда одам савдосининг олдини олиш, айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданият ва ахборот хавфсизлиги кўникмаларини шакллантириш устувор вазифалардан бири бўлиб қолади. Бу борада таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, одам савдоси инсон ҳуқуқлари ва қадр-қимматига қарши қаратилган оғир жиноятдир. Унга қарши самарали курашиш комплекс ёндашувни, яъни ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий чора-тадбирларни уйғун ҳолда амалга оширишни талаб этади. Бу жараёнда давлат органлари билан бир қаторда фуқаролик жамияти институтлари ва ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Омбудсман институтини янада кучайтириш эса инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилади.
Ўткир Жўраев,
Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили
(омбудсман)нинг Жиззах вилоятидаги минтақавий вакили.
ЎзА