Одам савдосига қарши курашиш долзарб масала
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Навоий вилояти бошқармасида одам савдосига қарши курашиш, ушбу турдаги жиноятларнинг олдини олиш ҳамда жабрланган шахсларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда одам савдосининг келиб чиқиш сабаблари, унинг замонавий кўринишлари, аҳолини мазкур жиноятдан ҳимоя қилишнинг самарали механизмлари ва профилактика чора-тадбирлари юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.
Шунингдек, одам савдоси қурбонларини аниқлаш мезонлари, уларга бирламчи ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш, реабилитация ҳамда жамиятга қайта мослаштириш жараёнлари бўйича амалий тавсиялар тақдим этилди.

– Одам савдосига қарши курашишда давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади, – дейди республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот марказининг Навоий вилояти бўлими раҳбари Зубайда Душанова. – Бу каби амалий семинарлар соҳа мутахассисларининг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий онг ва ҳушёрликни ошириш ҳамда мазкур турдаги жиноятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Семинарда одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари, жабрланган шахсларнинг ҳуқуқлари, давлат томонидан яратилган ҳуқуқий кафолатлар ҳамда мутасадди идораларнинг бу борадаги вазифалари ҳақида батафсил тушунтиришлар берилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоблар қайтарилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири