Одам савдоси – қуллик балоси
30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни
Одам савдоси иллати бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган ХХI асрнинг жиддий муаммоларидан биридир.
Меҳнат миграцияси ҳамда ахборот алмашинувининг кучайиши одам савдоси билан шуғулланадиган жиноятчи гуруҳларга ўз қабиҳ ниятларини амалга оширишда имкон яратиб бермоқда.

Тошкент шаҳар Одам савдосига қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссия таркибидаги Тошкент шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси ўз фаолияти давомида одам савдосига қарши курашиш соҳасида қабул қилинган ва ишлаб чиқилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, дастурлар, лойиҳалар ва режалар ижроси юзасидан самарали ишларни олиб бормоқда.
“30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни” муносабати билан июль ойи “Ҳамкорликда одам савдосига қарши курашиш ойлиги” деб эълон қилинди. Ойлик доирасида Тошкент шаҳрининг барча туманларида аҳоли ва давлат ташкилотлари ходимлари орасида ахборот-тарғибот, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Тарғибот ишлари доирасида иштирокчиларга Одам савдосидан жабрланган шахсларга Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси ва Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази томонидан кўрсатиладиган бирламчи тиббий, психологик, юридик ёрдамлар тўғрисида маълумотлар берилиб, материаллар тарқатилмоқда.
Бу каби тарғиботларни ўтказишдан мақсад, одамлар бу жирканч иллат домига тушиб қолмаслиги, азият чекмаслиги учун огоҳлантиришдан иборат. Агар мураккаб вазиятга тушиб қолса уларга ёрдам бериш йўллари ҳақида маълумот беришдир.
Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
ЎзА