ОЧЛ: “Пахтакор” гуруҳида вазият қандай?
Осиё чемпионлар лигасининг “А” гуруҳида учинчи тур учрашувлари бўлиб ўтди. Унда "Пахтакор" - "Аҳал" ва “Ал-Айн” - “Ал-Фейха” клублари ўзаро рақобатлашди.
Пойтахтимизда ўтказилган "Пахтакор" ва "Аҳал" учрашувида 3:0 ҳисоби қайд этилди. Мазкур ўйинда Азиз Турғунбоев дубль муаллифига айланган бўлса, Ҳожимат Эркинов битта гол билан чекланди.
“Ал-Айн” ҳамда “Ал-Фейха” баҳси ҳам голларга бой бўлди. Унда “Ал-Айн” рақиби устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва ўзининг гуруҳдаги очколарини 9 тага етказиб олди.
Маълумот учун, ушбу турдан сўнг “А” гуруҳида “Ал-Айн” жамоаси 9 очко билан карвонбошилик қилмоқда. "Пахтакор", "Аҳал" ва “Ал-Фейха” клублари ҳисобида бир хил 3 очко бор. Бироқ тўплар нисбатига кўра "Пахтакор" клуби иккинчи поғонада бормоқда.
Ушбу гуруҳнинг 4-тур учрашувлари 7 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда "Пахтакор" сафарда "Аҳал"га қарши майдонга тушса, “Ал-Фейха” ўз майдонида “Ал-Айн” билан куч синашади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА