Очиқлик ва ошкоралик сиёсати
Мамлакатимизда очиқлик ва ошкоралик сиёсатини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада матбуот, ижтимоий тармоқлар ҳар бир шахс ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифода этадиган холис ва эркин минбарга айланди. Соҳага доир янги қонунчилик ҳужжатлари, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий базаси яратилди.
Бунинг натижасида яқин вақтларгача ёпиқ бўлган айрим соҳалар ҳам очиқланди. Улар сафида Навоий кон-металлургия комбинати ҳам бор. Бундай имкониятлар кенг жамоатчиликни комбинат ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, қабул қилинаётган қарорлар, муҳим дастурлар, уларнинг мақсад-моҳиятидан ўз вақтида хабардор қилиб боришни таъминламоқда.

ЎзА мухбири “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директор Холмамат Раупов билан айни шу мавзуда суҳбатлашди.
– Холмамат Рашидович, бизга маълумки, НКМК фаолиятида матбуот соҳаси ҳам муҳим ўрин тутади?
– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун комбинат матбуот хизматларининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги яхши йўлга қўйилган. Натижада ижтимоий тармоқлардаги nkmk.uz расмий веб-сайти, ахборот маконидаги канал ва саҳифалари, “Кончилар ҳаёти” газетасида берилаётган материаллар тезкорлиги ва холислиги ортиб, корхонада олиб борилаётган кенг кўламли ишларни маҳаллий ва хорижий жамоатчиликка етказишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бу ўз навбатида кенг жамоатчиликни комбинат фаолиятига доир очиқ маълумотлар, шунингдек, зарур ахборотлар билан хабардор қилиб бориш, кейинги йилларда рўй бераётган муҳим ўзгариш ва янгиликлардан воқиф этмоқда.

Мисол учун, 2022 йилнинг ўтган ўн ойида марказий ва вилоят телеканалларда 109 та хабар, янгилик, видеолавҳа, кўрсатув, махсус репортажлар, республика ва вилоят газеталарида 82 та, электрон ОАВ веб-сайтларида 100 дан зиёд хабар, янгилик, мақола, репортаж, фоторепортажлар эълон қилинди, радиоканалларда 10 га яқин эшиттиришлар берилди ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида 2 та мақола чоп этилди.
Бугунги кунда жамоатчилик билан алоқани мустаҳкамлаш мақсадида комбинат бошқармаси, Марказий, Шимолий ва Жанубий кон бошқармаларида матбуот хизматлари ташкил этилган. Улар оммавий ахборот воситалари, ахборот агентликлари, етакчи сайтлар, матбуот хизматлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, аниқ режа асосида жамоатчиликни ўз фаолиятларига доир муҳим ахборотлар билан таъминлаб келмоқда.

– Матбуот хизматлари ишини самарали ташкил этишда қонунчилик базаси муҳим аҳамиятга эга. Бу борада муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қабул қилинган ҳужжатлар ижроси ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бизнинг тизимимиз учун ҳам ҳар томонлама муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Ушбу қарорда матбуот хизматларининг асосий вазифалари аниқ белгилаб берилган. Жумладан, комбинатимизда ҳам унинг фаолиятини оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар, расмий веб-сайтлар орқали аҳолига мунтазам ва тезкор суръатда етказиш, матбуот анжуманлари, брифинглар, медиатурлар ўтказиш орқали жамоатчиликни хабардор этиб бориш тизимли йўлга қўйилган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида комбинатда масъул раҳбарлар иштирокида 7 та матбуот анжумани, 5 та пресс-тур, 5 та брифинг, 1 та медиафорум ўтказилди. Шулардан баъзи бирларига тўхталиб ўтмоқчиман.

Шу йилнинг февраль ойида Самарқанд ва Навоий вилоятлари журналистлари учун “Зармитан” саноат майдонига уюштирилган медиатур ҳамкасбларимиз учун энг эсда қоларлик воқеалардан бири бўлди, десам муболаға бўлмайди. Шунингдек, март ойида “НКМК” АЖ ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда ўтказилган “Миллий журналистика: анъаналар давомийлиги ва замонавийлик” мавзусидаги республика медиафоруми доирасида беш кун давомида турли тадбирлар ўтказилгани, Навоий машинасозлик заводи ва 7-гидрометаллургия заводи ва “Мурунтов” конига медиатурлар ташкил этилгани ниҳоятда самарали бўлди. Энг муҳими, республикада кўзга кўринган ижодкорлар комбинат фаолияти билан танишиш баоробарида кўплаб ўқимишли мақолалар яратилишига катта туртки бўлди.

Яқин кунларда Зомин туманида жойлашган “НКМК” санаторийсида бу тадбирнинг мантиқий давоми бўлган навбатдаги медиафорумни ўтказишни мўлжаллаганмиз. Бундан ташқари, матбуот анжуманлари кўламини кенгайтириб, Ўзбекистон Миллий матбуот маркази ҳамда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Шунинг билан бирга, корхона фаолиятини матбуот орқали тарғиб этишдан ташқари, оммавий ахборот воситаларида комбинат раҳбарларининг чиқишларини уюштириш ҳам асосий вазифалардан биридир.
– Соҳада жамоатчиликка ахборот етказиш шундай усули борки, у ҳам бўлса инфографика яратиш ва бу орқали оддий рақамлар, чизмалар билан тегишли йўналишларни ёритиб беришдир. Кузатишимизча, бу борада ҳам янги қадамлар қўйилмоқда.
– Ҳақиқатда одамларга маълум бир йўналишдаги ишларни соддароқ тарзда тушунтиришда соҳамизда янгилик бўлган инфографикалар муҳим роль ўйнайди. Комбинатимиз акциядорлик жамиятига айлангандан сўнг алоҳида Рақамли коммуникациялар бўлимини ташкил этишга муваффақ бўлдик. Бўлимга ёш, креатив фикрлайдиган, ахборот-коммуникация технологиялари билан бемалол тиллаша оладиган Баҳодиржон Абдуллаев, Фаррух Норқулов сингари мутахассисларни ишга қабул қилдик ва улар зиммасига инфографикалар яратиш вазифаси ҳам қўйилди. Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида муҳим йўналишлар бўйича 17 та инфографикалар тайёрланиб, “НКМК” АЖнинг www.ngmk.uz расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида ёритилди. Бу ишларимизни келгусида янада кенгайтириш устида ишлаяпмиз.
– Матбуот хизматлари ходимлари учун иш шароитларини яратиш, малакали кадрлар билан тўлдириш ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– Соҳа вакилларига муносиб иш шароитлари яратиш, медиа соҳаси, ахборот хизматлари тизими тубдан янгилаш, матбуот хизматларини ҳар жиҳатдан малакали кадрлар билан таъминлаш доимий диққат-эътиборимизда бўлиб келаяпти. Жумладан, барча матбуот хизматлари ходимлари алоҳида хоналар, замонавий техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан тўлиқ таъминланган.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда бу хизматларда фаолият олиб бораётган 22 нафар ходимнинг 17 нафари олий маълумотга эга, шундан, 12 нафари олий маълумотли журналистларни ташкил этади. Қувонарли жиҳати, тавсия асосида ходимларимиз – Виктор Яковлев ва Дилдора Каримова Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида таълим олишмоқда. Шунингдек, ходимларимиз Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси ва “Янги Ўзбекистон” газетаси таҳририяти билан ҳамкорлик асосида малакаларини ошириб келишмоқда.
Шунингдек, ижодкор ҳамкасбларимиз турли танловларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Кейинги йилларда ходимларимиздан "Кончилар ҳаёти" газетаси муҳаррири Низомиддин Садриддинов, мухбир Насиба Шамуратова, Марказий ва Шимолий кон бошқармалари матбуот хизмати мухбирлари Дилдора Каримова, Лайло Каримовалар "Энг улуғ, энг азиз" республика танловининг ҳудудий босқичи ғолиблигини қўлга киритишди. Яна бир ходимимиз Азамат Зарипов Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
Яна бир анъана тусини олган тажрибамиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтишни жоиз, деб биламан. Ҳар йили комбинатда меҳнат қилаётган иқтидорли ҳаваскор ижодкорларнинг алоҳида китоб тўпламларини нашр этиш яхши натижа бермоқда. Ўтган давр мобайнида "Уйғоқ хотиралар", "Кенгликлар сурури" каби тўпламлар чоп этилгани, яқин кунларда "Зомин илҳомлари" тўплами ҳам китобхонларга етиб бориши бунга мисолдир.
– Тегишли қонунчиликда матбуот хизматларининг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги алоҳида белгиланган. Бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?
– Ҳар бир ишимизни кўрсатиб беришда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Шу мақсадда, вилоятимиздаги ва республикадаги энг етакчи, аъзолари кўп матбуот субъектлари билан ҳамкорликни давом эттириб келаяпмиз. Бу борада ЎзА, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи” газеталари, “Ўзбекистон-24” телеканали, kun.uz сайти, вилоят телерадиокомпанияси билан яқин алоқалар йўлга қўйилгани, бу ОАВлари таҳририятлари бизни ҳар жабҳада қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Бу ижодий жамоаларга ўзимизнинг самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.
– Келгусидаги режалар ҳақида ҳам ўртоқлашсангиз?
– Имконияти кенг комбинат раҳбарияти бизни тинглаб, ҳар бир жабҳада қўллаб-қувватлаб келмоқда. Яқин орада замонавий Медиа марказ ташкил этишни режалаштирганмиз. Қолаверса, аниқ режа ва вазифалар юкланган. Шунга мос ишимизни тўғри ташкил этиш биринчи даражали вазифамиздир.
ЎзА мухбири Абдували Бўриев суҳбатлашди