Очиқ мулоқотларда янги имкониятлар шарҳланди
Жиззах вилоятида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар, сайёр қабуллар ва амалий семинарлар изчил давом этмоқда. Бу мулоқотлар орқали нафақат ишбилармонларнинг муаммолари эшитилмоқда, балки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги “Кичик бизнес субъектларининг ўсиши учун янада қулай иқтисодий ва маъмурий шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги Фармони билан яратилган янги имкониятлар ҳам жойларда кенг тушунтирилмоқда. Энг муҳими, ҳар бир мурожаат, ҳар бир таклиф ва ҳар бир ташаббус давлат сиёсати марказида турган тадбиркор манфаатларига хизмат қилмоқда.
Мамлакатимизда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари билан ишлаш тизими тобора такомиллашиб, давлат идоралари фаолиятининг муҳим мезонига айланмоқда. Бу борада солиқ органлари томонидан мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда тадбиркорларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугун тадбиркорлар солиқ органларига мурожаат қилиш учун ортиқча оворагарчиликка дуч келмайди. Солиқ қўмитасининг 1198 қисқа рақамли ишонч телефони, солиқ тўловчининг шахсий кабинети ҳамда ҳудудий солиқ органларининг расмий ахборот каналлари орқали мурожаат йўллаш имконияти яратилган.

Шу билан бирга, Жиззах вилояти солиқ бошқармаси ҳамда туман солиқ инспекцияларида раҳбарларнинг шахсий ва сайёр қабуллари мунтазам ташкил этилиб, тадбиркорларнинг муаммолари бевосита ўрганилмоқда.
— Ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, тадбиркорнинг меҳнати ва оиласи фаровонлиги мужассам, — дейди Жиззах вилояти солиқ бошқармаси Ташкилий ишларни назорат қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Рашид Довуров. — Шу боис мурожаатлар билан ишлашда расмиятчиликка эмас, натижага устувор аҳамият қаратилмоқда. Таклифлар қонунчиликда белгиланган тартибда 15 кунгача, ариза ва шикоятлар эса 15 кун ичида кўриб чиқилади. Қўшимча ўрганиш талаб этилган ҳолларда муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин. Асосий мақсад — мурожаат эгасини қониқтирадиган адолатли ва асосланган ечимга эришишдир.

Жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ана шу мақсаднинг амалий ифодаси бўлмоқда.

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июндан бошлаб кичик бизнес субъектларининг умумий солиқ режимига ўтиши учун белгиланган чегара қарийб 5 миллиард сўмгача оширилди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини соддалаштириш, рақамли хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда бизнес учун ортиқча бюрократик юкларни қисқартириш бўйича муҳим янгиликлар жорий этилди. Бу эса тадбиркорларга бизнесини қонуний ва шаффоф тарзда кенгайтириш учун қўшимча имконият яратади.
Айнан шу мақсадда Дўстлик, Мирзачўл, Арнасой, Пахтакор ва Зафаробод туманларида ўтказилган учрашувларда юзлаб тадбиркорлар иштирок этишди. Тадбирларни Жиззах вилояти солиқ бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Зафар Мамназаров олиб борди.

Мулоқотларда Бизнес-омбудсман, Савдо-саноат палатаси ҳамда иқтисодий назорат органлари вакиллари иштирок этишиб, тадбиркорларга давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган Фармони асосида яратилаётган қулайликлар, солиқ маъмуриятчилигидаги янгиликлар ва бизнесни ривожлантиришнинг ҳуқуқий механизмлари ҳақида атрофлича маълумотлар беришди.
Фориш туманида ташкил этилган навбатдаги очиқ мулоқот ҳам тадбиркорларда катта қизиқиш уйғотди. Туман марказида ўтказилган амалий семинарда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳамда солиқчилар ўзаро мулоқот қилишиб, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашишди.

Учрашув давомида тадбиркорларга солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар, электрон хизматлар имкониятлари ва давлат томонидан тақдим этилаётган қўшимча енгилликлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, Президент фармонида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши кичик бизнес субъектларининг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, янги иш ўринлари яратиш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Бугун давлат идоралари билан тадбиркор ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Мурожаатларни эшитиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ва бизнес учун қулай муҳит яратишга қаратилган бундай мулоқотлар эса мамлакатимизда тадбиркор манфаати устувор қадриятга айланаётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири