Очиқ мулоқот: Вазир ва ёшлар учрашуви
Тошкент давлат транспорт университетида “Ёшлар куни” муносабати билан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов талаба-ёшлар ҳамда Миробод туманидан бириктирилган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашув давомида вазир давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган учрашувида белгилаб берилган устувор вазифаларга алоҳида тўхталди. Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларни хорижий тиллар ва замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштириш вазирлик фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мулоқотда ўзбекистонлик ёшларнинг халқаро фан олимпиадалари, IT-технологиялар ва спорт соҳаларида қўлга киритаётган ютуқлари эътироф этилди. Шунингдек, 14 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган “Келажак муҳандислари” халқаро фестивали ёшларни илм-фан ва юқори технологиялар соҳасига жалб этишда муҳим майдонга айлангани қайд этилди.
Суҳбат жараёнида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар, таклиф ва ташаббуслари билан фаол қатнашди. Хусусан, университетда робототехника лабораториясини ташкил этиш, авиация йўналиши талабалари учун дастлабки курсларданоқ махсус симуляторлардан фойдаланиш имкониятини яратиш ҳамда “Work and Travel” дастури доирасида хорижда малака ошириш тизимини кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.

Вазир ҳар бир мурожаатга очиқ ва батафсил жавоб бериб, билдирилган ташаббусларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан университет раҳбарияти ва вазирлик мутасаддиларига аниқ вазифалар белгилаб берди.
— Биз учун энг муҳим вазифа ҳар бир ёшнинг ўз иқтидорини намоён этиши учун муносиб шароит яратиш ва уларнинг меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашишдир, – дейди Қўнғиротбой Шарипов. – Фақат ҳар бир иқтидор эгаси ўзларига тақдим этилган имкониятлардан унумли фойдалана олиши лозим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА