Очиқ мулоқот: муаммолар ечими ва янги таклифлар
Бухорода саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда амалий ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мазкур учрашув давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва саноат кооперациясини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тадбирда Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори ўринбосари Илҳомжон Пардаев, Рақамли трансформация маркази, Агентликнинг ҳудудий лойиҳа офиси вакиллари, “Ўзбекэкспертиза” акциядорлик жамияти, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари ҳамда маҳаллий тадбиркорлар иштирок этди.

Очиқ мулоқотда вилоятнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган 65 та корхонадан 73 нафар вакил қатнашди. Шунингдек, 13 та ҳудудий студия орқали яна 129 нафар иштирокчи онлайн тарзда жараёнга уланди. Натижада мулоқот 200 нафардан ортиқ тадбиркор ва соҳа вакилларини қамраб олди.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқариш, давлат харидлари, кооперация алоқалари, сертификатлаштириш, инфратузилма ва бошқа соҳаларга оид жами 65 та муаммо ва таклиф ўртага ташланди. Муҳокамалар жараёнида 15 та корхонага тегишли 20 та муаммо жойида ҳал қилиниб, тадбиркорларга зарур тушунтириш ва амалий ёрдам кўрсатилди. Қолган масалалар бўйича эса тегишли идоралар масъуллари томонидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, 40 та корхонадан келиб тушган 15 та муаммо ҳамда 25 та таклиф атрофлича ўрганиш ва ижросини таъминлаш учун мутасадди ташкилотларга йўналтирилди. Бу эса тадбиркорларнинг мурожаатлари эътибордан четда қолмаётгани ва ҳар бир масала бўйича манзилли иш олиб борилаётганини кўрсатади.

Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, уларнинг фаолиятида учраётган муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тезкор ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, тадбиркорларнинг таклиф ва ташаббуслари иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Мазкур очиқ мулоқот давлат идоралари ва тадбиркорлар ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яна бир амалий намунаси бўлди. Муаммоларни жойида ҳал этиш, тадбиркорларнинг фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай учрашувлар ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири