“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” ғолиблари
Сирдарёда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 33 нафар иштирокчи республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ҳаракат қилишди.
–Маҳаллаларда ободлик ва фаровонликни таъминлаш, аҳоли даромадини ошириш, миллий қадрият ҳисобланган қўни-қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган кўрик-танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 239 маҳалладан 700 дан ортиқ кўчабоши ва 1200 нафарга яқин хонадон эгалари иштирок этиб, шундан 33 нафари ғолиб бўлганди,–дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Уйғун Ҳотамов.
[gallery-22356]
Танлов шартларига кўра, вилоят босқичи иштирокчилари биринчи шарт бўйича "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" йўналишида амалга оширилган ишларни 5 дақиқалик ролик ва электрон тақдимот шаклида тақдим қилган бўлса, иккинчи шарт бўйича танлов ташкилотчилари томонидан тайёрланган 2 та саволга, яъни маҳалла раисининг билим савияси, дунёқараши, фикрлаш қобилияти, мулоҳаза юритишини аниқлайдиган, шунингдек, соҳага оид бошқа қонун ҳужжатлари талабларидан келиб чиққан ҳолда берган жавоблари баҳоланади.
Натижага кўра, Ширин шаҳридаги Ватанпарвар маҳалласи раиси Малика Мираҳмедова, маҳалланинг Халқлар дўстлиги кўча бошиси Зилола Мадумарова, маҳалладаги намунали хонадон эгаси Дилфуза Қурбоновалар 1-ўринни эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
– Маҳалламизни энг фаровон ҳудудлардан бири дея оламан, – дейди танлов ғолиби, Ватанпарвар маҳалласи раиси Малика Мираҳмедова. – Жиноятчиликдан холи ҳудуд ҳисобланган маҳалламизда ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш энг асосий масала сифатида қаралади. "Маҳалла еттилиги" билан ҳамжиҳатликда бундан ҳам юқори натижаларни эришишга ҳаракат қиламиз.
Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат)
ЎзА мухбирлари