Обод бўлаётган Марҳаматга марҳамат
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан
Мамлакатимиз мустақиллигинг ўттиз йиллиги нишонланаётган жорий йилда Марҳамат туманида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугун Марҳаматда бўлаётган ўзгаришлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айтиш жоизки, кейинги бир йил ичида туманнинг, айниқса, туман марказининг аввалги кўриниши бутунлай ўзгарди. Кўплаб янги савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари, турар-жой бинолари, кенг ва равон йўллар, ҳиёбонлар бунёд этилиб, туман қиёфасига ўзгача кўрк бағишламоқда.
Агар йўлингиз тушиб Марҳаматга келсангиз, Андижон – Марҳамат автомагистраль йўлидан юриб Шаҳрихонсойдан ўтишингиз билан ўзига хос, гўзал манзаранинг гувоҳи бўласиз. Йўлнинг ҳар икки томонида, адирликнинг қуйи қисмида соя-салқин чойхоналар, автомобилларга ёқилғи қуйиш, хизмат кўрсатиш шохобчалари, адирликнинг энг юқорисида эса “Марҳамат” сиҳатгоҳи ана шу гўзал манзарага янада кўрк бағишлаб турибди.
Бугун Марҳамат улкан қурилишлар майдонига айланган. Очиғи, бир йил аввал бу ерда бўлган киши тумандаги ўзгаришларни кўриб хайратдан ёқа ушлайди. Қад ростлаётган бир-биридан чиройли бинолар, кенг ва обод кўчалар кўзни қувонтиради.
– Давлатимиз раҳбарининг, ҳукуматимиз кўмаги билан юртимизнинг энг чекка туманларидан бири бўлган Марҳаматда кейинги икки йил ичида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда, – дейди туман ҳокими Бобуржон Юлдашев. – Туманда саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривожланмоқда. Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 1 апрелдаги “Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш бўйича давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига кўра, Марҳамат тумани инновацион ҳудудга айлантирилмоқда. Бу ўз навбатида туман иқтисодиётини ривожлантириш, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунда Марҳамат туманидаги мавжуд 48 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 44 минг 200 дан зиёд оила таркибида 176 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Туманда 45 та умумтаълим мактаби, 134 та мактабгача таълим ташкилоти, 25 та соғлиқни сақлаш муассасаси фаолият юритмоқда.
[gallery-3132]
Марҳамат саноатлашмоқда
Узоққа бормайлик бундан беш йил аввал ҳам тумандаги саноат, ишлаб чиқариш корхоналарини бармоқ билан санаш мумкин эди. Юртбошимиз, ҳукуматимиз, вилоят ҳокимлиги эътибори билан кейинги икки йил ичида янги-янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилди. Бу энг аввало, туман иқтисодиётини юксалишига, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Буни Марҳамат туманида иш юритаётган масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Marxamattekstil” Ўзбекистон – Британия қўшма корхонаси фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Бир неча йилдан буён фаолият юритиб келаётган ушбу корхона ўтган йили модернизация қилинди. Италияда ишлаб чиқарилган умумий баҳоси 1 миллион 128 минг АҚШ доллари миқдоридаги унумдорлиги юқори бўлган “Savio polar M” русумли 4 та замонавий ўраш дастгоҳи, Туркиядан баҳоси 47 минг АҚШ доллари бўлган “EKOMAK” русумли ҳаво компрессори олиб келиниб, ишга тушурилди. Бунинг натижасида корхона фаолияти кенгайди, тайёрланаётган маҳсулотлар сифати ва ишлаб чиқариш ҳажми кескин ортди. Бугунги кунда корхона йилига 1500-1600 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга. Ҳозирда корхонада 300 нафарга яқин киши меҳнат қилмоқда, уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади.
Қорақўрғон маҳалласида эса "Afghan bazar silk carpets andijan" қўшма корхонаси иш бошлади. Мазкур корхона томонидан 5 миллион доллар миқдорида инвестициялар олиб кирилиб, гилам тўқиш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 200 нафар фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлди.
"Барака чеварлари" масъулияти чекланган жамияти томонидан Алитепа маҳалласида 300 ўринли тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилди. Корхона тўла қувват билан ишга тушгач, бу ерда икки сменада 450 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлади.
Тандирчи маҳалласида «Водий Ҳамкор агрофирмаси» масъулияти чекланган жамияти томонидан наслли қуёнларни кўпайтириш, қуён гўштини қайта ишлаш, мўйнасига ишлов бериш корхонаси фаолият бошлаганлиги эса нафақат туманда, балки бутун вилоятда қуёнчиликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Жорий йилда эса туманда саноат, хизмат кўрсатиш йўналишларида умумий қиймати 719 миллиард 892 миллион сўмга тенг 24 та янги лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Жумладан, "Ўқчи метан газ" масъулияти чекланган жамияти томонидан 27 миллиард 250 миллион сўм инвестиция ўзлаштирилиб, ойна маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси ташкил этилди. Корхонада турли хажмдаги ойналар куйдирилиб, уларга шакллар бериш, гул босиш ишлари бажарилади. Энг асосийси, куйдирилган ойна гранулага айланади. Бу ҳам хавфсиз, ҳам синмасдан узоқ муддат хизмат қилиш имконини беради. Айни кунда корхонанинг иккита линияси ишга тушди, хитойлик мутахассислар кўмагида учинчи линия ўрнатилмоқда.
– Хитой давлатининг ушбу технологияси асосида қайта ишланган ойналар дунёнинг 100 га яқин давлатларида бино-иншоотлар қурилишида ишлатилади, – дейди Хитойнинг “LanaClass” компанияси муҳандиси Ванг Жи Ху. – Ишонаманки, корхона маҳсулотларига талаб жуда юқори бўлади. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, яна кўплаб янги иш ўринлари яратилади.
Марҳаматда яна бир янгилик “Марҳамат метан газ” масъулияти чекланган жамияти томонидан тошдан қоғоз ва кортон ишлаб чиқариш корхонасининг ишга туширилганлиги бўлди. Умумий лойиҳа қиймати 70 миллиард 56 миллион сўм бўлган тошдан қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси қурилиши учун тадбиркор Қобилжон Обидовнинг ўз маблағи ҳисобидан 45 миллиард 360 миллион сўм, “Микрокредитбанк” томонидан ажратилган 2 миллион 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ сарфланди.
Мазкур корхона йилига қиймати 6,6 миллион долларлик 6 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Йилига 1,7 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган. Бундан ташқари, корхона ишга тушиши билан 400 нафарга яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Туманда саноат, ишлаб чиқариш йўналишида олиб борилаётган юқоридаги каби ишларга яна қатор мисоллар келтириш мумкин. Энг асосийси, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобига 3 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилади, шунча одамнинг доимий даромад манбаи шаклланади. Умуман, туманда саноатни ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича янги янги лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда.
Обод бўлаётган маҳаллалар
Ўтган йиллар давомида тумандаги Мингтепа, Юқори Роввот, Тош йўли Гар гар, Узумзор, Қовунчи, Бўрибоши, Наврўз, Турон, Бобохуросон, Тошлоқ, Қушчи, Роввот, Увайсий, Миришкор, Хўжаариқ, Зафаробод, Янги ҳаёт, Қорақўрғон, Бозорбоши, Шаҳристон, Йўламатол, Наврўз сингари қатор маҳаллаларда “Обод қишлоқ” дастури бўйича бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, маҳаллалар қиёфаси, инфратузилмаси, аҳолининг турмуш шароитлари тубдан яхшиланди.
Жорий йилда тумандаги Тўлға, Оқбош маҳаллалари “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, дастур доирасида жами 22,6 миллиард сўмлик қурилиш, ободонлаштириш, ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Дастур доирасида ҳозирга қадар 2 та маҳаллада қарийб 15 километр масофадаги ички йўллар шағалланди,17,1 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи тортилди, 4 та сув иншооти қурилмоқда. Бундан ташқари, 8,5 километр янги электр тармоғи тортилди, 11 дона трансформатор таъмирланиб, 4 та янгиси, шунингдек, 300 донадан зиёд бетон таянч устунлар ўрнатилди .
– Кўчамиз қишда лой, ёзда чанг, тупроқ бўлар эди, – дейди Оқбош маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Султонбой Араббоев, – “Обод қишлоқ” дастури доирасида кўчамиз шағалланди, ичимлик суви туширилди. Айниқса, кўчамиздаги шамол бўлса эгилиб турадиган симёғочлар бетонлисига алмаштирилиб, симлар тортилганидан жуда хурсандмиз. Аввалари совуқ тушиши билан ёки ёмғир, қор ёғса, линия кўтармаслиги боис уйимизда кўп вақт чироқ бўлмасди. Насиб этса, энди ундай кунларни кўрмаймиз.
Умуман, туманда йўл, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, инфраструктурани яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда ўтказилган ўрганишлар жараёнида жами 545 километр ички йўлларни таъмирлаш, бунинг учун қарийб 162,9 миллиард сўм маблағ талаб этилиши аниқланди. Бу бўйича режалар ишлаб чиқилиб, амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан 25 километр ички йўллар шағалланди.
– Ўтган ўн йиллар давомида қўшиб ҳисобланганда ҳам туманда биргина ўтган йили қилинганчалик кўп масофадаги йўл, ҳатто магистраль йўллар ҳам асфальтланмаган, – дейди Марҳамат тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Шавкатбек Эргашев. – Ўтган йилнинг ўзида 60 километрдан зиёд йўлнинг асфальтланиши бу жуда катта иш. Бу қишлоқларимиз инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, аҳолига қатор қулайликлар яратди.
Туманда электр таъминоти йўналишида 71,3 километр узунликдаги электр узатиш тармоғини тортиш, 16 та янги трансформатор, 1 минг 584 та темир бетон таянч устунлар ўрнатиш лозимлиги аниқланди. Бу борада ҳам белгиланган зарур ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар 5,8 километр масофага электр узатиш тармоғи тортилди, 6 дона янги трансформатор ўрнатилиб, 13 таси таъмирланди, 555 дона темир бетон таянчлар ўрнатилди.
Шу йилнинг ўзида туманда жами 42,9 километр масофада ичимлик суви тармоқлари тортилди ҳамда 5 дона сув қудуғи ўрнатилди. Бугунги кунга келиб туман аҳолисининг75,6 фоизи ичимлик суви билан таъминланган. Аҳолининг 35 фоизи табиий ҳамда 65 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланган. Газ таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар ҳам режа асосида олиб борилмоқда.
Туман ҳудудида 83 та кўп қаватли уйлар бўлиб, жорий йилда уларнинг 57 таси таъмирланди, 5 та янги болалар ўйин майдончалари қурилди.
– Ёшим саксондан ошди, – дейди Ўқчи маҳалласида яшовчи Тоштемир ота Қаюмов. – Очиғи, маҳалламиздаги, туманимиздаги ўзгаришлардан, бунёдкорлик ишларидан ақлим шошиб қолмоқда. Ҳар қадамда ўзгариш, янги қурилиш. Қисқа муддатда барпо этилаётган бир-биридан чиройли биноларни кўриб, шу кунларга етказганига шукр қиламан. Илоҳим юртимиз тинч бўлсин, мана шундай хайрли ишлар бошида турган юртбоши омон бўлсин.
Маҳаллаларда амалга оширилаётган бу ишлар натижасида марҳаматликларнинг турмуш шароити яхшиланиши билан бирга улар яшаётган маҳаллалар ҳам обод масканларга айланмоқда.
Марҳаматдан чемпионлар етишиб чиқади
Марҳаматнинг фидойи инсонларидан бири, тадбиркор Қобилжон Обидов ташаббуси билан амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Ана шу инсоннинг саъй ҳаракати билан Алитепа маҳалласида шахмат ва волейбол мактаби, шунингдек, мухташам болалар кутубхонаси барпо этилди.
– Ёшлар бизнинг келажагимиз. Улар биздан-да доно, билимли ва соғлом бўлишлари керак, – дейди тадбиркор Қобилжон Обидов. – Чекка қишлоқларда яшаётган ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариш, улар орасидан олимлар, халқаро спорт майдонларида юртимиз шуҳратини янада кўтарадиган маҳоратли спортчиларни тарбиялаш асосий мақсадимиз. Шунинг учун ҳам кутубхона ва мактабни болажонлар ихтиёрига тўла топшириб қўйганмиз.
Очиғи, кутубхонани кўриб ҳайратланасиз, ноодатий, ўзига хос дизайн асосида қад ростлаган. Гумбаз шаклидаги маҳобатли кутубхонанинг баланд гумбазларида гўё юлдузларни ўрганаётган улуғ бобокалонларимиз Улуғбек ва бошқа улуғларнинг сиймоси гавдалангандай бўлади.
Кутубхона 150 минг нусха китоб сиғимига эга. Биринчи қават электрон кутубхона бўлиб, 50 дан ортиқ катта мониторли компьютерлар ўрнатилган. Бу ерда исталган китобингизни электрон нусхада ўқишингиз мумкин. 2-қават ўқув зали, 3-қаватда эса китоблар сақланади. Хуллас, ушбу маскан кутубхона музей. Бу ерга кирсангиз, ўзингизни гўё бошқа оламга тушиб қолгандай ҳис этасиз. Кутубхонада ўқиб-ўрганиш учун барча шароитлар муҳайё. Энг асосийси, фойдаланувчи ҳеч кимга бирор сўм пул тўламайди.
Эркин Воҳидов номи берилган волейбол ва шахмат мактабида эса спортнинг ҳар икки тури бўйича тўгаракларга болажонлар бепул жалб этилади. Халқаро андозаларга жавоб берадиган мазкур мактабда бир вақтнинг ўзида 100 нафар ўқувчи малакали мураббийлар раҳбарлигида шахмат ва волейбол билан шуғулланиш имкони яратилган.
Мактабда 300 ўринли волейбол зали мавжуд, шунингдек, волейбол музейи ташкил этилган. Ёш шахматчилар учун ҳам зарур барча шароитлар яратилган.
Очилганига хали кўп вақт бўлмасада мактаб ўз мевасини бера бошлади. Мазкур мактаб тарбияланувчиси Шоҳжаҳон Муроталиев январь ойида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 3-ўринни эгаллади. Эришган натижаси билан Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Бундан ташқари, мактабнинг етти нафар ўқувчиси Тошкент шаҳридаги Халқаро шахмат академиясига ўқишга қабул қилинди.
Мактабнинг волейбол жамоаси эса ўз ёш тоифаларида мамлакат чемпионатида 2-ўринга сазовор бўлди. Бу натижалар, эришилган ютуқлар улкан ютуқларнинг бошланиши холос. Марҳаматдан келажакда юзлаб чемионлар етишиб чиқишига асло шубҳа йўқ.
Марҳамат туризм марказларидан бирига айланади
Марҳамат туманида туризмни ривожлантириш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Маълумки, туманда “Мингтепа” археологик ёдгорлиги жойлашган.
– Халқимизнинг кўҳна тарихини акс эттирувчи ноёб “Мингтепа” ёдгорлигига нафақат юртимиз, балки хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади, – дейди "Мингтепа – маданий мерос" жамоат фонди раҳбари Ортиқали Хусанов. – Мингтепа харобалари халқимизнинг қадим тарихи ҳақида жуда кўп маълумотлар беради.
Хитойлик ва ўзбекистонлик олимлар томонидан олиб борилган қазишмалар чоғида топилган ноёб осори атиқалар қимматли илмий-тарихий аҳамиятга эга. Ана шуни ҳисобга олиб, туристларни жалб этиш мақсадида очиқ осмон остидаги “Мингтепа” музейи, кутубхона ташкил этилди.
Бундан ташқари, Марҳаматда ўнлаб зиёратгоҳлар борки уларга нафақат Андижон, балки республикамизнинг барча вилоятлари, ҳатто қўшни Қирғизисизтон ва бошқа давлатлардан ҳам зиёратчиларни жалб этиш мумкин.
Тумандаги зиёратгоҳ, тарихий, маданий ва номоддий ёдгорликлар, экотуризм бўйича сайёҳлик йўналишлари ишлаб чиқилган. Кўплаб меҳмон-уйлар ташкил этилган. Бобохуросон маҳалласида яшовчи ўзбек цирки, дорбозлик санъатининг усталаридан бири Юнусали ота Ғозиевнинг хонадони бор. Отахон нафақага чиққач, эл хизматидан ортиб, нафақат хонадонини, балки уйи ёнидан оқиб ўтувчи ариқ бўйларини жаннатмонанд боғга, дам олиш масканига айлантирди. Бу ердаги мевали, манзарали дарахтлар, гуллар, табиийлик, ташкил этиладиган дор ўйинлари ҳар қандай кишининг ушбу хонадонда бўлишга қизиқишини оширади. Қолаверса, бу ерда дам олувчилар учун барча шароитлар яратилган.
“Буюк маскан” масъулияти чекланган жамияти томонидан Хакка маҳалласида 8,5 гектар майдонда барпо этилаётган экотуризм маскани эса ҳар қандай саёҳга манзур бўлиши аниқ. Умумий лойиҳа қиймати 52 миллиард сўм бўлган мазкур дам олиш маскани бир вақтнинг ўзида бир минг нафардан ортиқ одамга хизмат кўрсатади. Бу ерда меҳмонхона, чойхоналар, қорақолпоқ, қирғиз ўтовлари, спорт майдонлари, бар, кафе, шаршара, манзарали йўлаклар барпо этилди, чархпалак, ўндан ортиқ аттракционлар ўрнатилмоқда.
Маскан марказида кўл яратилиб, ўртаси оролча қилинган. Оролчада музқаймоқ хиёбони ташкил этилмоқда. Кўлда сайр қилиш учун бир нечта катамаранлар келтирилди. Кўл чеккасидаги кичик ҳовузларда балиқ боқилади.
Кенг имкониятларга эга “Буюк маскан” фойдаланишга топширилгач, туманга яна кўплаб сайёҳларни жалб этиш имкони яратилади.
Юртимиз ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлардан туман аҳли беҳад хурсанд. Бу ерда ким билан суҳбатлашмайлик, уларнинг қалбида обод юртга бўлган меҳр, унинг юксалиб, янада тараққий этиб бораётганлигидан фахр-ифтихор туйғулари жўш ураётганлигини гувоҳи бўлдик. Кундан кунга чирой очиб, обод бўлаётган Марҳамат шубҳасиз, юртимизнинг гўзал масканларидан бирига айланади.
Фахридин УБАЙДУЛЛАЕВ,
Зухриддин УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА