ОАВ: Пелоси Тайванга боради
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси Тайванга сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 22.20 да келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Тайваннинг “Liberty Times” газетаси хабар берди.
Нашрга кўра, Пелоси оролни чоршанба куни тарк этиши тахмин қилинмоқда.
АҚШ Давлат департаменти котиби Энтони Блинкен “Агар Пелоси Тайванга борса ва Хитой бирор инқирозни келтириб чиқаришга, кескинликни оширишга ҳаракат қилса, масъулият бутунлай Пекин зиммасига тушади”, деди.
Шунингдек, Блинкен Тайванга ташриф буюриш тўлиқ Пелосининг ўзига боғлиқлигини таъкидлади: “Илгарилари Конгресс спикерлари Тайванга боришган. Масалан, бу йил ҳам Конгресс аъзолари оролга сафар қилди”.
Пелоси бошчилигидаги делегация Сингапур, Малайзия, Жанубий Корея ва Японияга сафарини бошлаган. Спикернинг расмий сайтида эълон қилинган дастурда Тайванга саёҳат қайд этилмаган.