Нуронийларга юксак эҳтиром кўрсатилди
Навоий вилоятининг Кармана туманида жойлашган “Оқсарой” базмгоҳида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Васийлик кенгашининг қарорига асосан тақдирланган бир гуруҳ нуронийларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Бугунги кунда юртимизда инсон қадрини улуғлаш, кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Нуронийларнинг кўп йиллик меҳнати, ҳаётий тажрибаси ва маънавий мероси юксак қадрланиб, уларга муносиб эҳтиром кўрсатилмоқда.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққанлар томонидан мамлакатимизда кекса авлод вакилларига юксак ҳурмат ва эътибор қаратилаётгани, турли соҳаларда узоқ йиллар самарали меҳнат қилган, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган ҳамда ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватанга муҳаббат ва юртга садоқат руҳида тарбиялашда ибрат бўлиб келаётган нуронийларнинг хизматлари давлатимиз томонидан муносиб қадрланаётгани алоҳида қайд этиб ўтилди.
Таъкидланганидек, нуронийларнинг бой ҳаётий тажрибаси, доно маслаҳатлари маҳаллаларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва юксак маънавият руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда.

– Инсоннинг кўп йиллик ҳалол меҳнати давлат томонидан қадрланиши ҳар бир фахрий учун катта шараф ва масъулиятдир, – дейди “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони соҳиби Худойберди Наврўзов. – Бугун юртимизда кекса авлодга кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эътиборни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ҳис қилиб турибмиз. Бу эса биз, нуронийларни янада фаол бўлишга, ёшларга ўз билим ва тажрибамизни улашишга ундайди. Ёшларга айтарим, Ватан тараққиётининг энг мустаҳкам пойдевори ҳалол меҳнат, илм ва юртга садоқатдир. Шу қадриятларга содиқ бўлсак, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оламиз. Менга билдирилган ушбу юксак ишонч ва эътироф учун чуқур миннатдорлик билдираман. Бундан кейин ҳам юртимиз равнақи, маҳалламиз тинчлиги ва ёшлар тарбияси йўлида ўз имкониятим ва тажрибам билан хизмат қилишда давом этаман.

Албатта, бу каби эътибор ва рағбат кекса авлод вакилларининг жамият ҳаётидаги нуфузини янада ошириш, уларнинг бой тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳамда юрт тинчлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири