Нуроний ва фахрийлар халқимиз ардоғида
Хотира ва қадрлаш. Бу тушунчалар замирида халқимизга хос эзгу фазилатлар мужассам, инсон зоти нақадар азиз, мукаррамлиги ўз ифодасини топган.
Зеро, вақт — ғанимат, умр — ўткинчи. Биздан қоладиган ўчмас из эса хайрли амалларимиздир.
Мамлакатимизда 9 май Хотира ва Қадрлаш куни сифатида кенг нишонланишининг боиси ҳам шунда. Ушбу санада ўтганлар номи ёдга олиниб, кекса авлод вакилларига меҳр-мурувват, алоҳида эъзоз, эҳтиром кўрсатилади. Эзгу анъана Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида ташкил этилган тадбирда яна бир бор намоён бўлди.

Миллий маданий марказлар вакиллари, соҳада кўп йиллар ишлаган фахрийлар иштирок этган тадбир доирасида бугунги дориламон кунлар учун жонини фидо қилган юрт фарзандлари ёд этилди. Кўпни кўрган меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди. Тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан битилган уруш ва меҳнат фахрийларининг жасорати, мардлиги, матонати, заҳматли меҳнати олдида таъзим қилиш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизга шукрона келтириш, мустақилликдек азиз неъматнинг қадрига етиш лозимлиги таъкидланди.
Кекса авлод вакиллари ёшларга ўз ҳаёт йўли, бошларидан кечирган оғир қийинчиликлар ҳақида сўзлаб берди.

- “Урушда ғолиблар бўлмайди”, дейишади, бу сўзлар бежиз айтилмаган, - дейди Иккинчи жаҳон уруши фронт орти фахрийси Фаузея Юсупова. – Ёшлигим уруш йилларига тўғри келганлиги сабабли кўп машаққат чекдим. Уруш йиллари фронт ортида туриб, аскарларга ёрдам қилдик. Афсуски, ўша жангларда қатнашганларнинг аксарияти бугун орамизда йўқ. Тирик қолганлари ҳам саноқли. Уруш барчамизга ибрат бўлиши керак, аслида. Дориломон кунлар, тинч-осуда ҳаётнинг қадрига етиш керак. Қонли майдонларда жасорат кўрсатган, ўша даврнинг аччиқ қисматини бошидан кечирган инсонлар хотираси доимо ёдга олинади. Биз сингари уруш ва фронт орти вакилларига ҳар йили моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади. Халқимизнинг, давлатимиз раҳбарининг эътибори, ғамхўрлигини доим ҳис этиб яшаймиз.

Анжуман доирасида миллий маданий марказлар бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан озарбайжон, татар, корейс, қирғиз, қозоқ, беларусь, бошқирд, уйғур, қрим-татар тилларда қўшиқлар янгради. Концерт дастури иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этди.
Гўзал Сатторова, ЎзА