Нурободда 50 минг гектарлик писта плантациялари бўлади
Нуробод туманининг бепоён қир-адирларини пистазорга айлантириш ишлари бошланди. Мазкур жараён билан танишиш, амалга оширилаётган лойиҳаларни кенг оммага етказиш мақсадида Республика ўрмон хўжалиги агентлиги ва Самарқанд вилоят экология ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан пресс-тур уюштирилди.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари Нуробод туманидаги Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида олиб борилаётган ишларни кузатишди.
– Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2026 йил 3 февралдаги йиғилишида берилган топшириққа асосан Нуробод тумани ҳудудида писта етиштириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, туман ҳудудидаги давлат захира ерларидан самарали фойдаланиш, деградацияга учраётган ерларни яхшилаш учун писта плантациялари ташкил этиш белгиланган эди, – дейди Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги раҳбари Аҳмад Сағдуллаев. – Лойиҳага мувофиқ, жорий йилдан 2036 йил якунига қадар Нуробод туманида ҳар йили 5 минг гектардан, жами 50 минг гектар майдонда писта плантациялари барпо этилади. Барпо қилинаётган писта плантациялари учун жорий йилда 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Бу маблағ ҳисобидан белгиланган ҳудудларда 40 та тик қудуқ ва 40 та мембрана ўрнатилиши ҳам кўрсатилган. Айни пайтда биз туманнинг Нуриддин маҳалласи ҳудудидаги пистазорларда турибмиз. Ушбу ҳудудда 300 гектар майдонда янгидан пистазорлар ташкил қилинди. Мазкур лойиҳанинг эътиборга молик жиҳатларидан яна бири дастлабки босқичда 500 нафар маҳаллий аҳоли пудрат шартномалари асосида иш билан таъминланади. Уларнинг ҳар бирига 10 гектардан писта майдонлари бириктириб берилади.
Масъулларнинг маълумотларига кўра, туманда жорий йилнинг ўтган даврида 252 гектар ерга кўчат экиш, 290 гектарга уруғ қадаш орқали писта плантациялари ташкил этилди.
Мазкур ташаббус деградацияга учраган ерларни тиклаш ва улардан самарали фойдаланишга хизмат қилади. Агротехник талабларга кўра, писта дарахтлари 6-7 йилда ҳосилга кириб, 12-йилдан бошлаб юқори ҳосилдорликка эришилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароити ўрганилиб, илмий асослар бўйича режали агротехник тадбирлар олиб борилиши лозим. Шу боис, пресс-тур доирасида мутахассислар, ўрмончилар ва деҳқонлар ўртасида писта плантацияларини ташкил этишга бағишланган қисқа мулоқот ўтказилди. Унда мутахассислар писта экиш, парваришлаш бўйича кўрсатма ва тавсияларини беришди.
– Бугунги кунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир лойиҳанинг илмий асослари яратилмоқда ва бу ўз самарасини бермоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти катта илмий ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Бобомурод Эшонқулов. – Саройқўрғон давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида писта плантацияларини ташкил қилиш жараёни ҳам илмий ўрганишлардан сўнг амалга оширилмоқда. Таъкидлаш жоизки, пистанинг асл ватани юртимиз ҳисобланади. Писта плантациялари тупроқ емирилишининг олдини олишда муҳим ҳисобланади. Шу боис, мазкур ҳудуддаги илк плантациялар 1949 йилда қурғоқчилик сабаб Каттақўрғон сув омбори қирғоқларини эрозиядан сақлаш мақсадида ташкил қилинган. Маълум вақт мобайнида писта плантациялари эътиборсиз қолиб кетди. Айни пайтда давлатимиз раҳбари томонидан қишлоқ хўжалигида илмий ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида энг самарали лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биз бугун жараённи янада самарали ташкил этиш бўйича ўз тавсияларимизни бериб, деҳқонларга зарур кўрсатмаларни етказиб, илмий асосда писта плантацияларини барпо этишда иштирок этмоқдамиз.
[gallery-29214]
Лойиҳанинг энг муҳим жиҳатларидан бири “Яшил макон” дастуридаги аҳамиятидир. Йиллар давомида лалмикор яйлов майдонлари сифатида ястаниб ётган минглаб гектар майдонлар энди ўрмонзорга айланади. Бу кейинги йилларда мураккаблашиб бораётган иқлим ўзгаришларини барқарорлаштиришда ҳам алоҳида ўрин тутади. Сувсизликка чидамли бўлган писта камхарж бўлиб, қишлоқ аҳолисининг кўплаб ишсизларининг доимий иш ўрнига, муносиб даромадга эга бўлишини ҳам таъминлайди. Лойиҳа шу жиҳатлари билан ҳам муҳим ҳисобланади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари