“Нурли маскан”да “Билимлар куни” нишонланди
Бухоро шаҳридаги 24-сонли кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар учун махсус мактаб-интернатида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Билимлар куни” байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси масъул вакиллари, мактаб-интернат раҳбар-ходимлари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.

Тадбир давомида сўзга чиққанлар ўқувчиларни биринчи қўнғироқ билан табриклаб, уларга жорий йилги ўқув йўлида улкан муваффақиятлар тилади.

–Илм масканига илк қадам қўяётган бу жажжи ўғил-қизларимизга давлат раҳбари томонидан юборилган 12 турдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари топширилди, – дейди махсус мактаб-интернат директори Мадамин Аслонов. –Совғаларни қабул қилиб олган болажонлар жуда ҳам хурсанд бўлишди.


Маълумот учун, мактаб-интернатида жами 287 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Психологик-тиббий-педагогик комиссия хулосасига асосан 17 нафар бола жорий йилда интернатнинг 1-синфига қабул қилинди.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири