Нуриддин Хўжақулов: "Ҳар бир томчи сувда ризқ ва барака бор"
Мамлакатимизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ва суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш сув хўжалиги соҳасининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Хусусан, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, каналларни бетонлаштириш, сув етказиб бериш самарадорлигини ошириш ҳамда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишини таъминлаш, сув ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, шунингдек, аҳоли ва фермер хўжаликларининг сув таъминотини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сув хўжалиги лойиҳаларини амалга ошириш департаменти директори Нуриддин Хўжақулов соҳага оид амалга оширилаётган ишлар, хусусан, каналларни бетонлаштириш, ирригация тизимини такомиллаштириш ва сув таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
– Мамлакатимизда сув йўқотишларини камайтириш, суғориладиган ерларнинг сув таъминотини яхшилаш мақсадида каналларни бетонлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки сув - ҳаёт манбаи, қишлоқ хўжалигининг асосий бойлиги ва халқимиз ризқ-рўзининг муҳим омили. Ҳар бир томчи сувни асраб-авайлаш, ундан оқилона фойдаланиш ва истеъмолчиларга имкон қадар кам йўқотиш билан етказиб бериш бугунги куннинг муҳим талабидир.

Бугунги матбуот анжуманида ҳам каналларни бетонлаштириш ва ирригация тизимини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бердик. Тақдим этилган видеороликда каналнинг ер ўзанини тайёрлашдан бошлаб, ер ишларини бажариш, бетонлаштириш ва фойдаланишга топширишгача бўлган жараёнлар қисқача намойиш этилди.
Республикада 4,3 миллион гектар суғориладиган ер мавжуд бўлиб, сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари, жумладан, экин майдонларини суғориш учун сарфланади. Мамлакатимизда жами 173 минг километр суғориш тармоқлари мавжуд. Шундан 29 минг километри магистрал ва хўжаликлараро каналлар, 48 минг километри “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси балансидаги тармоқлар, 96 минг километри эса фермер хўжаликлари ва кластерлар тасарруфидаги ички суғориш тармоқларидан иборат.
Мавжуд тармоқларнинг 103 минг километри тупроқ ўзанли эканлиги сабабли канал ва ариқларда сувнинг 25-30 фоизгача қисми йўқотилмоқда. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, экин майдонларини ўз вақтида суғориш ва ҳосилдорликни оширишда муайян қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.
Шу боис 2024 йилдан бошлаб каналларни бетонлаштириш ишлари жадаллаштирилди. Президентимиз топшириқлари асосида мазкур йўналишда кенг кўламли ишлар бошланди. 2024-2025 йилларда давлат бюджети ҳисобидан 3 400 километр канал бетонлаштирилди. 2026 йилда эса 1 140 километрга яқин канални бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда ишлар саккизта вилоятда олиб борилмоқда.

2026 йилнинг ўтган тўққиз ойида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги 660-сон қарори асосида 70 та лойиҳа доирасида 537 километр канал бетонлаштирилди. Шунингдек, 26 километр лоток ва 33 километр ёпиқ суғориш тармоқларини реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 19 мартдаги 111-сон қарорига мувофиқ, давлат бюджетидан қўшимча 422 миллиард сўм ажратилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан 53 та лойиҳа доирасида 388 километр канални бетонлаштириш белгиланган. Жорий йилнинг тўққиз ойида 215 километр канал бетонлаштирилиб, қолган объектларда ишлар давом эттирилмоқда.
Умуман, 2024-2026 йилларга мўлжалланган дастурлар бўйича жами 1 899 километр канални бетонлаштириш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг тўққиз ойи якунига қадар 1 728 километр қисмида ишлар бажарилди.
Каналларни бетонлаштириш билан бирга, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017-2026 йилларда 7 163 километр коллектор-дренаж тармоқлари қурилди ва реконструкция қилинди, 129 минг 541 километр тармоқда таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди. Бу тадбирлар сизот сувлари сатҳини тартибга солиш, ерларнинг қайта шўрланишининг олдини олиш ва тупроқ унумдорлигини сақлашга хизмат қилмоқда.

Аҳоли томорқаларининг сув таъминотини яхшилаш ҳам устувор вазифалардан биридир. Жумладан, 2025 йилда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 892 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 1 875 километр канал, 194 километр лоток, 483 километр қувур тармоқлари, 455 та насос агрегати ва 725 та суғориш қудуғини қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Сувни тежаш фақатгина унинг йўқотилишини камайтириш эмас, балки деҳқон меҳнатини қадрлаш, ер унумдорлигини сақлаш ва халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлаш ҳамдир. Шунинг учун каналларни бетонлаштириш билан бир қаторда, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
2017 йилдан 2026 йилгача бўлган даврда коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 7 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. Бу ишлар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ортиқча намликни чиқариш ва ерлардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, аҳоли томорқалари ва маҳаллаларнинг сув таъминотини яхшилаш ҳам муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. 2025 йилда Президентимизнинг 130-сонли қарори асосида қабул қилинган “Қишлоқ ва маҳаллаларда фаровон турмуш” дастури доирасида сув етиб бориши қийин бўлган ва умуман сув бормайдиган маҳаллаларга сув етказиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу мақсадлар учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, қарийб 800 та маҳаллада сув таъминоти яхшиланди.

Авваллари суғориш тармоқларини қуриш, кичик насосларни таъмирлаш, маҳаллалар орасидан ўтувчи ариқ ва каналларни бетонлаштириш учун маблағ ажратилмас эди. Бугун эса мазкур йўналишдаги ишлар давлат дастурлари асосида изчил давом эттирилмоқда.
Бу борада Президентимизнинг тегишли қарорлари асосида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда “Янги Ўзбекистон” массивлари дастурлари доирасида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ажратилаётган маблағлар инфратузилмани ривожлантириш, сув таъминотини яхшилаш ва аҳоли учун қулай шароитлар яратишга йўналтирилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, каналларни бетонлаштириш, ирригация тармоқларини модернизация қилиш ва сув таъминотини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув йўқотишларини камайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигининг барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.