Нукусда миллий кураш бўйича Осиё кубоги давом этмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 22–25 май кунлари Нукус шаҳрида миллий кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Осиё кубоги мусобақаси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу нуфузли спорт тадбири Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Ўзбекистон Кураш федерацияси ҳамда Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақада Саудия Арабистони, Сингапур, Ҳиндистон, Хитой Тайпейи, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, ва Ўзбекистон каби давлатлардан кучли полвонлар иштирок этмоқда. Беллашувлар IKA қоидаларига мувофиқ 5 та эркаклар ва 4 та аёллар вазн тоифасида ўтказилади. Шунингдек, жамоавий баҳслар ҳам режалаштирилган.
Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар Нукус шаҳри темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинди ҳамда меҳмонхоналарга жойлаштирилди. Кечки дастур доирасида “Рамада” меҳмонхонасида Осиё кубогига бағишланган матбуот анжумани, ҳакамлар ва мандат комиссияси йиғилиши ҳамда барча вазн тоифалари бўйича расмий вазн ўлчаш жараёнлари ўтказилиши белгиланди.
Иккинчи куни эрталаб мусобақа иштирокчилари учун маданий дастурлар ташкил этилди. Жумладан, меҳмонлар И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейида бўлиб, у ерда сақланаётган ноёб санъат асарлари ҳамда қорақалпоқ халқининг бой этнографик мероси билан яқиндан танишдилар.
[gallery-29604]
Шунингдек, делегация Кураш маҳорат мактабида бўлиб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан танишди. Тажрибали полвонлар томонидан ёш спортчилар билан маҳорат дарслари ўтказилиб, гиламда кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА