Нотариуслар шахмат ва шашка бўйича баҳслашди
Фармон ва ижро
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оммавий спортни ривожлантириш, меҳнат жамоалари ва ҳудудлар ўртасида спорт мусобақаларини мунтазам равишда ўтказиш белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш ҳамда спортни янада кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон нотариуслари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Шу йил февраль ойида нотариуслар ўртасида мини-футбол турнири юксак савияда ўтказилган эди.
Май ойида эса Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг кубоги учун шахмат-шашка турнирига старт берилди.
Тошкент шаҳридаги “Ёшлик” спорт мажмуасида турнирнинг республика босқичи ўтказилди.
– Ҳамкасблар билан шахмат бўйича мусобақа жуда қизғин кечди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Мухтор Тағаев.
[gallery-2711]
– Нафақат ғалабага интилиш, балки ўзаро мулоқот жуда фойдали бўлди. Қолаверса, ақл гимнастикаси деб тан олинган шахматни ўйнаш ҳар қандай касб эгасини чиниқтиради. Шундай спорт мусобақаларини ташкил этгани учун Нотариал палата раҳбариятидан миннатдормиз.
– Турнирнинг якуний босқичида жами 28 нафар ҳаваскор шахмат ва шашкачи иштирок этди,– дейди нотариал палатанинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Ҳожимуродов. – Шахмат бўйича эркаклар, шашка бўйича аёллар ўзаро баҳслашди.
Тўрт соат давом этган турнир қизғин баҳсларга бой кечди. Мусобақа якунида шахмат бўйича фахрли 1-ўрин Андижон вилояти Бўстон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Муқимжон Муйдинов, шашка бўйича 1-ўрин Хоразм вилояти Хива туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Гавҳар Саъдуллаевага насиб қилди.
Шахмат бўйича 2-ўринни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Алишер Абдиназаров, шашка бўйича 2-ўринни Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Нуржамал Мамбетниязова эгаллади.
Тадбир якунида ғолибларга Нотариал палатанинг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, ҳар иккала тур бўйича 1-ўринни эгаллаган ғолиблар Украинада бўлиб ўтадиган халқаро спорт фестивалига йўлланмани қўлга киритди. 2-3- ўринлар соҳиблари ҳамда фаол иштирокчиларга санаторияларга йўлланмалар берилди.
ЎзА