Норинда ёшлар бандлиги таъминланиб, ердан даромад олинмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Мамлакатимизда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва барқарор даромад манбаи яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда ёшлар ҳамда “дафтар”ларда рўйхатда турган фуқароларга ҳудудларда 15–20 сотихдан ер майдонлари ажратиш амалиёти йўлга қўйилган.
Наманган вилояти Норин туманида ҳам ушбу ташаббус самарали амалга оширилмоқда. Жумладан, Хўжақўрғонча маҳалласида ёшлар дафтарида турган фуқароларга ажратилган ер майдонларидан унумли фойдаланиш йўлга қўйилган.
Айни пайтда ер билан таъминланган ёшлар эрта баҳорданоқ илк ҳосилни олишга эришмоқда. Хусусан, қулупнай етиштириш билан шуғулланаётганлар ҳар ҳафта ўртача 15–20 килограммдан маҳсулот йиғиб, уни маҳаллий бозорларга етказиб бермоқда. Бу эса уларнинг даромадини ошириш билан бирга, бозорларда янги ва сифатли маҳсулотлар таклифини кўпайтиришга ҳам хизмат қилаётир.
[gallery-28700]
Мутахассислар таъкидлашича, бундай амалиёт ёшларнинг ерга бўлган қизиқишини ошириш, уларни меҳнатга рағбатлантириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий ёндашувларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА