Ноқонуний қурилмалар буздирилмоқда (+видео)
Навоий вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан кўп хонадонли уйларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилиш ва қайта қуришларнинг олдини олишга қаратилган мониторинг тадбирлари давом этмоқда.
Кўп хонадонли уйларда истиқомат қилаётган аҳолининг хавфсизлиги, қулай яшаши ва умумфойдаланиш жойларидан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Навбатдаги ўрганиш ишлари Учқудуқ тумани Алишер Навоий маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп хонадонли уйларда ўтказилди. Мониторинг жараёнида айрим мулкдорлар томонидан умумфойдаланиш жойларини ўзбошимчалик билан эгаллаш, турли қурилмалар барпо этиш, шунингдек, биноларнинг орқа қисмидан белгиланган тартибга риоя қилмаган ҳолда қўшимча эшиклар очиш каби ҳолатлар аниқланди.

– Учқудуқ туманида шу даврга қадар 106 та ҳолат аниқланган бўлиб, ҳуқуқбузарларга мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан мажбурий ёзма кўрсатмалар берилган, – дейди инспекция шўъба бошлиғи Достон Жўраев. – Кўрилган чоралар натижасида 89 та ҳолат бартараф этилди, 7 та ҳолат бўйича ҳужжатлар белгиланган тартибда судга тақдим этилди. Қолган ҳолатларни бартараф этиш ишлари ҳам инспекция назоратига олинган. Назорат тадбирлари фақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш билан чекланиб қолмасдан, балки аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва аҳоли учун хавфсиз ҳамда қулай муҳит яратишга қаратилмоқда.

Албатта, кўп хонадонли уйларга туташ ҳудудларда қурилиш ёки қайта қуриш ишларини ўзбошимчалик билан амалга ошириш нафақат белгиланган тартибнинг бузилиши, балки бошқа аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис бундай ишлар фақат қонунчиликда белгиланган тартибда, тегишли рухсатнома ҳужжатлари асосида амалга оширилиши зарур.
Инспекция ходимлари томонидан қонунийликни таъминлаш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда кўп уйларда хавфсиз яшаш шароитларини яратишга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири