Ноқонуний кесилган тераклар
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, яшил ҳудудларни асраб-авайлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, дарахтлар ва яшил майдонларни сақлаб қолиш экологик барқарорликни таъминлаш, ҳаво мусаффолигини яхшилаш ҳамда аҳоли учун соғлом муҳит яратишда катта аҳамият касб этади. Шу боис дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.
Бухоро вилояти Когон тумани “Хўжа Якшаба” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида фуқаро Т.Ш. томонидан терак дарахтлари ноқонуний равишда кесилаётгани юзасидан туман Экология бўлимига мурожаат келиб тушди.
Мурожаат асосида туман Экология бўлими давлат инспекторлари томонидан зудлик билан воқеа жойига чиқиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Текширув жараёнида фуқаро Т.Ш. қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида 33 туп терак дарахтини тегишли рухсатномаларсиз ноқонуний равишда кесгани аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқий чоралар кўрилиб, фуқаро T.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси 1-қисмига асосан 10 миллион 300 минг сўм миқдорида жарима қўлланилди. Шунингдек, табиатга етказилган зарар учун 42 миллион 436 минг сўм миқдорида товон пули ҳисобланди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ҳар бир ноқонуний кесилган дарахт нафақат табиатга, балки келажак авлод манфаатларига ҳам зарар етказади. Зеро, дарахтлар иқлим мувозанатини сақлаш, ҳавони тозалаш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Шу муносабат билан фуқаролардан дарахтларни кесиш ёки кўчириш билан боғлиқ ҳар қандай ишларни фақат қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга ошириш, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш сўралади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.