Ноқонуний этил спирти савдоси фош этилди
Бухоро вилоятида назорат органлари томонидан ўтказилаётган текширувлар давомида қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида Жондор туманидаги жиддий қонунбузилиш ҳолати фош этилди.
Аниқланишича, давлат рўйхатидан ўтган якка тартибдаги тадбиркор “Ш.У.” ҳамда фуқаро Ж.Қ. ўзаро тил бириктирган ҳолда, тегишли лицензияга эга бўлмасдан фаолият юритган. Улар кирим ҳужжатлари ва мувофиқлик сертификатисиз бўлган умумий қиймати 72 миллион сўмлик 1 115 литр этил спиртини ноқонуний равишда савдога чиқарган.
Текширув жараёнида мазкур спирт маҳсулотлари биржа савдолари орқали Олот тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамда бошқа бюджет ташкилотларига пул ўтказиш йўли билан етказиб берилгани ҳам маълум бўлди. Бу эса ҳолатнинг янада жиддий эканини кўрсатади.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-1-моддаси, яъни этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш билан боғлиқ жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирги вақтда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.