Ноқонуний ер савдоси ортидан мансабдорлар қўлга олинди
Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси бошлиғи чорвачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога катта Фарғона канали ҳимоя ҳудудидаги 30 сотих ер майдонини ижара асосида фойдаланиши учун мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 40,5 минг АҚШ доллари талаб қилади.
У олдиндан 20 минг доллар олган вақтида Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ва ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Шунингдек, мазкур ноқонуний ишга Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиғи алоқадор эканлиги аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилди ва 20 минг доллардан 3 минг долларни олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракати фош этилди.
Бундан ташқари, ушбу ер майдонидан ижара асосида фойдаланиб келаётган Фарғона водийси магистрал каналлардан фойдаланиш бошқармаси 2-Шаҳрихон бўлими 3-гидроучасткаси ходими ерни бериш учун 19 минг АҚШ доллари талаб қилганлиги ҳолати ҳам тегишли тартибда расмийлаштирилди.
Бошқа ҳолатда эса Олтинкўл туманидаги таълим муассасаси директори хизмат мавқеидан фойдаланиб, мазкур муассаса ҳудудидаги 1,1 гектар ер майдони хусусий автомактаб томонидан аукцион орқали ютиб олинган бўлишига қарамай, ушбу масъулияти чекланган жамият ва таълим муассасаси ўртасида тузилган келишув шартномасини тасдиқлаб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг доллар олган вақтида ушланди.
Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.