Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ва бошқалар Америка Қўшма Штатларида
Жорий йилнинг 27–28 июль кунлари АҚШнинг Майами шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон ва АҚШ терма жамоалари ўртасида "WR Chess Rapid & Blitz" жамоавий мусобақаси бўлиб ўтади.
Куни кеча мазкур нуфузли мусобақада иштирок этадиган Ўзбекистон делегацияси АҚШга етиб борди.
Мусобақа олдидан Ўзбекистон Республикаси спорт вазири ўринбосари Мурод Исмоилов, Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Комил Синдоров етакчилигидаги мамлакатимиз спорт делегацияси аъзолари WR Chess лойиҳаси асосчиси Вадим Розенштейн билан учрашув ўтказди.

Мулоқот давомида Ўзбекистонда шахмат спорт турини оммалаштириш, маҳоратли спортчиларни тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди. WR Chess билан ҳамкорликда турли шахмат мусобақаларини ташкил этиш борасида келишувларга эришилди.

Айтиш лозим, жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарликнинг муҳим босқичи саналган АҚШ-Ўзбекистон баҳсида мамлакатимиз шарафини Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов ҳимоя қилади. Маҳоратли шахматчимиз Муҳиддин Мадаминов жамоанинг захира аъзоси сифатида қайд этилган.
Икки кунлик “ақл жанги”да АҚШ байроғи остида Ҳикару Накамура, Фабиано Каруана, Уэсли Со ва Левон Аронян дона суриши белгиланган.
Т.Рўзиев,
ЎзА