НКМК: юксак марралар забт этилмоқда
Юртимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди.
Ўзбекистон Республикаси Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни олдидан
Юртимиз тараққиётнинг янги даврига қадам қўйди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида янги Ўзбекистон тарихи ва келажаги яратилмоқда. Шиддатли ислоҳотлар одамларимиз ҳаёти, соҳалар ривожига янгича мазмун бағишлаяпти. Бундай юксалиш ва ўзгариш натижаларини бугун 56 минг нафардан ортиқ ишчи-хизматчи меҳнат қилаётган Навоий кон-металлургия комбинати фаолиятида ҳам яққол кўриш мумкин.
Кон-металлургия – энг машаққатли, энг шарафли соҳалардан биридир. Мураккаб иш ва иқлим шароитларида меҳнат қилиш, улкан минерал бойликларни кенг миқёсда ўзлаштириш, қазилма бойликларни қидириш, маъданларни қазиб олиш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулот даражасига келтириш шарафли касб эгаларидан чинаккам машаққат ва фидоийликни талаб этади. Бугун ушбу соҳада меҳнат қилаётганлар шижоатида ана шундай фазилатлар мужассам. Уларнинг қалб қўри билан яралаётган, дунё бозорида Ўзбекистоннинг фахру ифтихори бўлган 999.9 пробали олтин халқаро миқёсда сифат эталони, деб қабул қилингани ҳам самарали меҳнатнинг юксак эътирофидир.
Навоий кон-металлургия комбинати бугун нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсида юксак шон-шуҳратга эга. Ушбу гигант корхона ўзининг замонавий ишлаб чиқариш инфратузилмаси, қимматбаҳо ва рақобатбардош маҳсулотлари ҳамда иқтисодий салоҳияти билан жаҳонга машҳур. Унинг Ўзбекистон иқтисодиётига қўшаётган ҳиссаси беқиёсдир. Айни пайтда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар корхона учун янги уфқларни очмоқда. Пировардида жаҳон андозалари даражасидаги замонавий технологияларга асосланган янги тармоқлар барпо этилиб, ишлаб чиқариш қуввати йилдан-йилга ошиб бораяпти. Бунда, шак-шубҳасиз, бой тажриба ва маҳоратга эга жамоа вакиллари, раҳбару етук малакали мутахассислар, муҳандис-технологлар, фидоий ишчи-ходимларнинг захматли меҳнати мужассам.
Синовли кунларда улар қатъий тартиб-интизом, шахсий жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан меҳнат қилаётганлиги туфайли ишлаб чиқариш суръатлари бир маромда давом этмоқда. Бугун жамоа аҳли шарафли касб байрами – Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни байрамини улкан меҳнат зафарлари билан қарши олмоқда. Тўрт ойлик якунларига кўра, корхонада 12,9 триллион сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқарилгани, ишлаб чиқариш таннархи 190,2 миллиард сўм ёки 4,73 фоизга камайтирилгани, кўрилган чоралар боис 109,2 миллиард сўм иқтисод қилингани, белгиланган режалар ортиғи билан бажарилгани фикримиз тасдиғидир.
Комбинатда улкан ислоҳотлар, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш давом этмоқда. Бунинг натижасида янги ишлаб чиқариш тармоқларини фойдаланишга топшириш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, иш ўринлари яратишга эришилмоқда. Яқинда 2-гидрометаллургия заводида рудани қайта ишлаш бўлими, 7-гидрометаллургия заводи негизида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасининг биринчи навбати фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, “Мурунтов” конини ўзлаштиришнинг 5-навбати, 2-гидрометаллургия заводи қувватларини ошириш, “Ауминзо-Амантой” кони базасида 5-гидрометаллургия заводини бунёд этиш ва бошқа муҳим лойиҳалар давом этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: “Гигант корхонанинг кўп минг кишилик жамоаси кейинги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар, иқтисодиёт тармоқлари ва бутун мамлакатимизни тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилишда фаол иштирок этаётгани таҳсинга сазовор”. Буни мақсадлари юксак, ниятлари улуғ жамоанинг ғайрат-шижоати, машаққатли меҳнати, ютуқлари мисолида ҳам кўриш мумкин.
Абдумажид ЖЎРАЕВ,
НКМК матбуот котиби.