Нияти улуғ халқмиз
Дунёда эскирмайдиган нарса борми? Бўлса, унинг номи нима, деган савол ҳар биримизни ўйлашга ундайди. Бу – илм, бу –маърифат.
Дунёда эскирмайдиган нарса борми? Бўлса, унинг номи нима, деган савол ҳар биримизни ўйлашга ундайди. Бу – илм, бу –маърифат.
Биз янги даврга қадам қўйдик. Тарихдан маълумки, ХХ аср ибтидосида жадид боболаримиз қандай башоратлар қилиб кетганди. Улар жамиятни ислоҳ қилишнинг учта тизимига алоҳида диққат қаратган ва, энг асосийси, қайси бирини афзал билди? Биринчиси – тарбия, иккинчиси – таълим, учинчиси – илмдир.
Ҳақиқатдан ҳам, Беҳбудий бобомизнинг “Театр надур”, Чўлпоннинг “Адабиёт надур”, А.Авлонийнинг “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ”, Фитратнинг “Оила”, А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарларида илгари сурилган жаҳолатни енгиш концепцияси, миллий ўзликни англашга даъваткор ижтимоий-сиёсий қарашларини биз бугун, эртанги кунимизда ҳам сув ва ҳаводек зарурлигини ҳис қилиб турибмиз. Ахир, глобал дунёда қадрланган, эъзозланган фазилатларни асраб қолишликнинг, уни муҳофаза қилишликнинг ўзи маънавий жасорат эканлигини ҳар биримиз ҳаётимизга дастуриамал қилиб олишимиз муҳим. Негаки, атроф-жавонибда бўлаётган талотўпларнинг аксарият қисми разолатнинг урчиганидан содир бўлмоқда эмасми! Илмсизлик бўлса ҳам унга амал қилмасликнинг меваси эмасми? Саволлар эса ҳар биримизни огоҳликка чақиради. Дунёнинг ягона модели – борлиқ ҳақида қайғургани учун аждодларимизга тасаннолар айтамиз. Уларнинг зеҳни, закийлиги олдида бош эгамиз, эъзозлаймиз.
Ҳозир таълим тизимини ислоҳ қилишнинг назарий қисмидан амалий тадбирига ўтилди. Мактаблар қайта тикланди. Президент, ижод мактаблари очилди. Илмий-тадқиқот ва инновацион марказлар фаолияти тубдан модернизация қилиниб, ҳақиқий маънодаги изланиш майдонига айлантирилди. Бу Ҳаракатлар стратегияси ва Миллий юксалиш сари концепцияларида белгилаб берилди. Ва Президентимизнинг Мурожаатномаси “Янги Ўзбекистон” деган улуғ ният билан одамларимизни “тарихнинг янги саҳифаси”ни яратишга илҳомлантирди.
“Янги Ўзбекистон”, “Янги тарих”. Ҳар иккаласида ҳам бир улуғ ният, ниятга яраша қатъиятни, қатъиятга яраша олижанобликни, мардликни, ватанпарварликни кашф этдим. Унинг том маънодаги бир ғиштига ўн ғишт қўювчи жўмарддек сездим ўзимни.“Ниятнинг улуғи яхши” деган ҳикматга муносиб ботинимда қандайдир куч топдим. Бу – ҳар бир тенгдошимнинг қалбида кечган жараён эканлигини пайқадим. Ўзликни шунга ишонтирдим. Ахир, яратувчанлик қон-қонимизга сингиб кетган бўлса, элимнинг бунёдкорлигига масъуллигимни теран ҳис қилдим. Биз мудроқ босган, ҳаётдан чарчаган бўлмаслигимиз керак. Айнан ана шу боқимандалик кайфиятидан воз кечсак, “ҳар қандай соҳани титратадиган шер мисол” маррага етажакмиз.
Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Амалларнинг қайси бири афзал?” деб сўради. Набий алайҳиссалом: “Илм”, дедилар. У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у киши: Эй, Расулуллоҳ, сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман”, деди. Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?” дедилар. Яна ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Банда садақа қиладиган нарсанинг энг афзали илм ўрганмоғи, сўнг уни ўзидан бошқаларга ўргатмоғидир”, дедилар. Бундай ўткир маъноли, сира ўз моҳиятини йўқотмайдиган илму донишлик қайси бир замонда айтилган?
Ҳақиқатдан ҳам, илмий, маърифий жабҳадаги олижаноб ишларимизга кенг йўл очиб берилгани барчамизга муборак бўлсин. Бу биргина қирраси, холос. Унинг ўнлаб борар манзили – битта, Ватанимизни ҳеч бир давлатдан кам бўлмаган тарзда тараққий топтириш билан одамларимизнинг иқтисодий хотиржамлигини ошириб, моддий муаммоларини бартараф этишга қаратилгани энг муҳим томони саналади.
Янгиланаётган Ўзбекистонимизга Яратганнинг назари тушгани муборак бўлсин, азиз замондош!
Илҳомбек ДАВЛАТМУРОДОВ,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика
институти катта ўқитувчиси