Нинбо-2026: “Яшил тараққиёт” форуми минтақавий ҳамкорликка янгича руҳ бахш этмоқда
Хитой Халқ Республикаси Чжэцзян вилоятидаги Нинбо шаҳри шу кунларда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ташкил қилинган “Яшил ва барқарор тараққиёт” форумига мезбонлик қилмоқда. Мазкур нуфузли халқаро анжуман экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва минтақавий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.
ШҲТ ҳузуридаги Қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик комиссияси, Хитой Экология ва атроф-муҳит вазирлиги ҳамда Чжэцзян музофоти халқ ҳукумати ҳамкорлигида ташкил этилган форумда 300 дан зиёд иштирокчи – ШҲТга аъзо давлатлар расмийлари, экологик идоралар вакиллари, дипломатлар, халқаро ташкилотлар, бизнес доиралари, илмий жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашмоқда.

Бу йил Чин диёрида ШҲТнинг халқ дипломатияси йўналишидаги илк тадбири сифатида мазкур анжуман “яшил тараққиёт” соҳасида амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш, паст углеродли иқтисодиётга ўтишни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Дастурида очилиш маросими, асосий тадбир ва уч шўъба йиғилиши белгиланган ушбу тадбирда глобал барқарорлик учун яшил ҳамкорлик, инклюзив бошқарув асосида био хилма-хилликни муҳофаза қилиш, “яшил трансформация” учун технологик инновациялар сингари муҳим мавзулар муҳокама қилинади.

Мунозара доирасида иқлимни бошқариш, саноатда зарарли чиқинди миқдорини камайтириш, экология сиёсатини мувофиқлаштириш ҳамда “яшил технология”га таянган энергетикани шакклантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Форум якунида қабул қилиниши режалаштирилган “ШҲТ барқарор тараққиёт бўйича Нинбо ташаббуси” аъзо давлатлар ўртасида кенг қамровли ҳамфикрликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Болалар ижодий ишлари кўргазмаси ва мавзули экспозиция орқали “яшил келажак” ҳақидаги умумий қараш илгари сурилади. Шунингдек, меҳмонлар минтақанинг экологик тараққиёт ва модернизация соҳасидаги илғор тажрибаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади.
Умуман, Нинбо форуми нафақат мулоқот майдони, балки “яшил тараққиёт” ғоясини амалиётга татбиқ этишга қаратилган қулай платформа сифатида халқаро ҳамжамият эътиборини ўзига қаратмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Нинбо, Хитой