Нима учун океанлар куни нишонланади?
Океанларнинг инсон ҳаётидаги муҳим аҳамияти тўғрисида хабардорликни ошириш мақсадида ҳар йили 8 июнь санасида Бутунжаҳон океанлар куни нишонланади. Маълумотларга кўра, уммонлар ер юзининг тахминан 71 фоизини эгаллайди.
Бу энг катта шўр сув ҳавзасини, шунингдек, ер юзидаги энг асосий ўсимликлар, ҳайвонлар ва бошқа организмларни ўзида жамлаганини англатади. Бундан ташқари, уммонлар сайёрамизни кислород билан таъминлайдиган асосий манбалардан биридир.
Дунё океанлари кунини нишонлашдан мақсад инсоният умри мобайнида уммондан олувчи фойдалари хусусида онгни шакллантиришдир. Океанлар инсон ҳаётини сақлаб қолувчи турли доривор бирикмалар, яллиғланишга ва саратонга қарши воситаларга эга. Шундай экан, барқарор ривожланиш учун денгиз ва сувости бойликларини сақлаш бизнинг бурчимиздир.
Океан ердаги кўплаб биологик хилма-хилликнинг ватани бўлгани сабабли дунё аҳли учун оқсилнинг асосий манбаларидан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, океан нафақат саломатликнинг, балки иқтисодиётнинг ҳам калити, дейди дунё олимлари. 2030 йилга келиб уммонга асосланган саноат корхоналарида 40 миллион киши иш билан таъминланади.
Маълумот учун, Бутунжаҳон океанлар куни концепцияси илк бор 1992 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган Ер саммитида таклиф қилинган.