Николас Мадуро президентлик сайловида ғалаба қозонди
Венесуэланинг амалдаги етакчиси Николас Мадуро президентлик сайловида ғалаба қозонди. Бу ҳақда мамлакат Миллий сайлов кенгаши раиси Элвис Аморосо овоз бериш жараёнидан сўнг баёнот берди.
Овозларнинг 80 фоизи санаб чиқилгач, Мадурони 5 150 092 нафар фуқаро ёки сайловчиларнинг 51,2 фоизи қўллаб-қувватлагани маълум бўлди. 4 445 978 овоз (44,2 фоиз) Мадуронинг асосий рақиби, ўнг партиялардан номзод Эдмундо Гонсалесга берилган. Қолган 4,6 фоиз саккиз нафар номзод орасида тақсимланган.
– Мухолифат овоз бериш жараёнида қонунбузарлик содир этилганини даъво қилиб, натижага эътироз билдиришни режалаштирмоқда, – дейилган “Reuters” агентлиги хабарида.
Мухолифат фаоллари фикрича, сайлов қутиларининг атиги 30 фоизидаги овоз қайд этилган, сайлов органи участкалар маълумотини дарҳол эълон қилмаган. Дарвоқе, тадбирдан олдинги кўплаб сўровномалар мухолифат сайловда ғалаба қозониши мумкинлигини кўрсатган.
Аргентина етакчиси Хавьер Милей мамлакати Николас Мадуронинг ғалабасини тан олмаслигини билдирди. Чили Ташқи ишлар вазирлиги Венесуэладаги президентлик сайлови натижасини халқаро кузатувчилар баҳо бермагунча эътироф этмаслигини маълум қилди.