“Ниҳол” гуруҳи мамлакат босқичига йўлланма олди
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ёшларнинг истеъдодини рўёбга чиқариш, уларни санъатга бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида “Иқтидор” мактаб ансамбли танловининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Мазкур танлов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Келажак” марказлари томонидан ташкил этилди. Унда умумтаълим мактабларининг 6-10 синф ўқувчилари ўзларининг мусиқий чиқишлари, саҳна маданияти ва жамоавий ижодкорлик кўникмаларини намойиш этиш имкониятига эга бўлади.
Қорақалпоғистон Республикасида мазкур танловда иштирок этиш учун 510 та жамоа рўйхатдан ўтди. Жорий йилда “Мактаб маслаҳатчиси” лавозими жорий этилганидан сўнг, бу танловга қатнашиш истагини билдирувчи жамоалар сони ўтган йилга нисбатан ошганлигини таъкидлаш лозим.
[gallery-29284]
Танловнинг очилишида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти профессори, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти Муножаат Йўлчиева, Республика “Келажак” маркази директори Индира Холдарова, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Кадирбай Исмаилов, Педагогик маҳорат маркази директори Гулистан Кожабаева сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади.
Танлов жонли ижрода (ансамбль чиқишлари) миллий чолғулар йўналишида ўтказилди. Мазкур лойиҳа ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ҳамда миллий маданиятимизни кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди.
Танлов якунида биринчи ўринни Қонликўл тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ниҳол” гуруҳи, иккинчи ўринни Амударё туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ғунча” гуруҳи, учинчи ўринни Чимбой тумани 40-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Саҳро созандалари” гуруҳи эгаллади.
Биринчи ўринни эгаллаган Қонликўл тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактабининг “Ниҳол” гуруҳи танловнинг якуний босқичига йўлланма олди. Таъкидлаш жоизки “Иқтидор” мактаб ансамбли танлови якунида энг фаол ва истеъдодли жамоалар муносиб тақдирланади ҳамда ғолибликни қўлга киритган жамоа хорижга таълим саёҳатига юборилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.