Нигоҳларда қувонч ва ҳаётга ишонч порлади
Бугун мамлакатимиздаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ”лар янгради. Ҳаяжонли дамларда 472 минг нафар ўғил-қиз мактаб таълимини тугатиб, катта ҳаётга қадам ташлади.
“Юксак маърифатли авлод – Учинчи Ренессанс пойдевори” шиори остида ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 352-мактабда ҳам катта тантана билан нишонланди. Мустақил ҳаётга илк қадам ташлаётган ўқувчи-ёшларнинг қадрдон мактаблари билан хайрлашувида давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, фахрий ўқитувчилар, ота-оналар, маҳаллалар фаоллари, нуронийлар, битирувчи ўғил-қизлар иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини бугунги кун талаби даражасида ташкил этиш, ўқувчи ёшларга пухта билим бериш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг самарасида таълим сифати, эришилаётган ютуқлар кўлами йилдан-йилга ортиб бораётганлиги қайд этилди.
Тадбир аввалида Юртбошимизнинг мактаб битирувчиларига йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилиб, ёшларимиз учун олий таълим муассасаларида ўқиб, билим ва тажриба олишлари учун барча имкониятлар яратилганлиги таъкидланган.

– Бугун мактабимиз битирувчилари, мустақил ҳаётга қадам қўймоқда, – дейди мактаб директори Вазира Сулаймонова. – Бу йил 42 нафар ўқувчилар мактабни тамомлаб, шулардан 4 нафари талаба бўлишга эришди. 13 нафар ўқувчи IELTS сертификати, 21 нафари эса фанлардан сертификатларни қўлга кирит. Бу катта ютуғимиз, албатта. Дарҳақиқат, “Сўнгги қўнғироқ” бу оддий тадбир эмас. Бу болалик билан хайрлашув, орзулар сари йўл очувчи тарихий лаҳза, катта ҳаёт остонасидаги масъулиятли ва шарафли қадамдир. Ушбу унутилмас кун ҳар бир битирувчининг қалбида умрбоқий хотира сифатида муҳрланади. Президентимиз битирувчиларга “Албатта, бугунги битирувчи – эртанги муҳандис, шифокор, олим, шоир ва адиб, тадбиркор дегани. Бугунги битирувчи – Учинчи Ренессанс бунёдкори дегани. Сизлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ишончи ва таянчисиз” деб ишонч билдирди. Бу бежиз эмас. Ёшларимиз давлатимиз ривожининг асосий кучи саналади.

Дарҳақиқат, Юртбошимиз ёшлар учун бутун борлиғини фидо этиб, барча шароитларни яратиб бермоқда. Бундай шароит ва имкониятлардан оқилона фойдаланиш ёшлар қўлидан келади. Юрт ишончи, миллат ғурурини сақлаш учун юксак шижоат кўрсатиш ҳамда Президент ишончини оқлаш энди ёшларимиздан. Қаддингиз ва қадрингиз баланд бўлсин, азиз битирувчи ёшлар.
– Бугун набирам катта ҳаётга қадам қўймоқда. Биринчи синф остонасига қадам қўйган кунлари бир қувонган бўлсам, бугунги қувончимнинг чегараси йўқ. Кўз юмиб очгунча мактабни тамомлаб катта ҳаётга қадам ташламоқда. Уни бўй-бастлари чўзилиб катта йигит бўлиб қолибди. Бугун бу ёшларга Юртбошимиз ишонмоқда, буни, албатта, оқлаш керак. Барча битирувчиларга юрт корига ярайдиган, боболари ва момолари тарбиясига амал қиладиган ёшлардан бўлишларини тилайман, – дейди Зоҳида ая Мирраҳимова.

Тадбирда битирувчиларни устозлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ота-оналари муборакбод этди. Мактабни аъло баҳоларга тамомлаётган бир гуруҳ фаол ўқувчилар, шунингдек, битирувчиларнинг ота-оналари мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқ, ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Битирувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, ўқувчиларнинг она юрт, мактаб, устозлар ва ёшлик ҳақида ўқиган шеърлари даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Асрор Сулаймонов,
ЎзА.