Немис компаниялари ҳукуматдан товон сўрамоқда
Германиянинг “Siemens” ва “Volkswagen” концерни бўлинмалари Германия ҳукуматига мурожаат қилиб, Россияга аввал киритилган сармоя билан боғлиқ зарар қопланишини сўраган, деб ёзди “Deutsche Welle”.
– Кўпгина немис компаниялари сингари, биз ҳам федерал ҳукуматнинг инвеститицияни кафолатлаш воситасидан фойдаланган ҳолда, Россиядаги инвестицияни суғурта қилдик, – деди “Siemens Mobility” вакили. – Айни пайт корхонамиз Берлин ва инвестиция кафолатини амалга оширишда иштирок этган аудиторлик компанияси билан компенсация масаласини муҳокама қилмоқда.
“Volkswagen Bank” вакили ҳам шундай жараён давом этаётганини маълум қилди. Жорий йил ноябрь ойида Германия Молия вазирлиги Россиядаги лойиҳалар учун давлат инвестиция кафолатидан фойдаланишни истаган саккиз корхонадан 16 ариза келиб тушгани тўғрисида хабар берган. Бу ерда гап, тахминан, 2,8 миллиард евро ҳақида кетяпти.
2022 йил 24 февралда бошланган Россия – Украина можаросидан олдин Германия ҳукумати немис корхоналарининг РФдаги сармоясини ҳимоя қилиб келган, лекин тўлиқ миқёсли уруш бошлангандан кейин бу дастур тўхтатилган. Кўп ўтмай, “Siemens” вa “Volkswagen” Россиядаги бизнесини тўхтатишга қарор қилган.