Нега японлар ўзбекистонликларга қараганда узоқ яшайди?
Ўзбекистонда инсон умри йилдан-йилга узаймоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатимизда аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшни ташкил этди. Бу мустақилликнинг дастлабки йилларидаги 66,4 ёшлик кўрсаткичга нисбатан қарийб тўққиз йиллик ўсиш демакдир. Бироқ дунёда энг узоқ умр кўрувчи мамлакатлардан бири бўлган Японияда бу рақам 84–87 ёш атрофида. Хўш, икки мамлакат ўртасидаги қарийб ўн йиллик фарқнинг сири нимада?
Бу генетиками ёки инсоннинг ҳар кунги ҳаёт тарзи билан боғлиқ омилми? Олимлар бу саволга аниқ жавоб бериб бўлган. Агар узоқ умрнинг асосий омили ирсият бўлганида, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин японларнинг ўртача умри 56 ёш атрофида бўлмас эди. Кейинги ўн йилликларда мамлакатда профилактик тиббиёт, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва саломатлик маданияти давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Натижада Япония бугун дунёда энг узоқ умр кўрувчи мамлакатлардан бирига айланди.
Мутахассислар фикрича, японларнинг кундалик турмуш тарзида овқатланиш маданияти алоҳида ўрин тутади. Денгиз маҳсулотлари, балиқ, сабзавот, соя маҳсулотлари, гуруч ва кўк чой уларнинг асосий рационини ташкил этади. Қовурилган, ёғли ва ширин таомлар эса чекланган миқдорда истеъмол қилинади. Энг муҳими, улар ортиқча овқатланмайди.

— Японларнинг узоқ умр кўришининг энг муҳим сабабларидан бири — ҳаёт тарзини соғлом одатларга қурганидир. Сифатли уйқу, тўғри овқатланиш, кундалик жисмоний фаоллик, руҳий хотиржамлик ва мунтазам профилактик кўриклар уларнинг ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланади. Бу омиллар организмнинг табиий ҳимоясини мустаҳкамлайди, сурункали касалликлар хавфини камайтиради ва инсоннинг фаол умр кечиришини таъминлайди, — дейди Саломатлик ва стратегик ривожлантириш институти Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Тожихон Ғаффорова.
Мутахассиснинг таъкидлашича, инсоннинг узоқ ва сифатли ҳаёт кечириши учун шифокор қабулига фақат касаллик пайдо бўлганда эмас, балки унинг олдини олиш мақсадида ҳам мурожаат қилиш одатга айланиши керак.
— Артериал қон босими, қондаги қанд ва холестерин даражасини мунтазам назорат қилиш, меъёрий вазнни сақлаш, ҳар куни камида 30–40 дақиқа жисмоний машқлар билан шуғулланиш, сифатли уйқу ва зарарли одатлардан воз кечиш инсон умрини узайтиришга хизмат қилади. Соғлом турмуш тарзи вақтинчалик эмас, балки умрбод амал қилинадиган ҳаёт қоидаси бўлиши лозим, — дейди у.

Япония тажрибасининг яна бир муҳим жиҳати — профилактика маданиятидир. Бу мамлакатда одамлар касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олишга кўпроқ аҳамият қаратади. Мунтазам тиббий кўриклар, эрта ташхис ва хавф омилларини барвақт бартараф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.
Бу борада мамлакатимизда ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ мутахассислар профилактик тиббий кўриклар маданиятини янада кенгайтириш, аҳолининг ўз саломатлиги учун масъулиятини ошириш долзарб вазифалардан бири эканини таъкидлайди.

— Камҳаракатлик, нотўғри овқатланиш, ортиқча туз ва ёғ истеъмоли, тамаки чекиш, доимий стресс, қандли диабет ва артериал гипертонияни назорат қилмаслик юрак-қон томир касалликлари ҳамда инсульт хавфини бир неча баробар оширади. Японларнинг узоқ умр кўриш стратегияси эса айнан шу хавф омилларини эрта аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган. Агар биз ҳам профилактикага устувор аҳамият бериб, соғлом турмуш тарзини кундалик ҳаётимизга сингдирсак, аҳолининг нафақат ўртача умр кўриш давомийлиги, балки соғлом ва фаол ҳаёт кечириш йиллари ҳам сезиларли даражада ортади, — дейди Гулистон шаҳридаги вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлими бошлиғи, нейрохирург Шуҳрат Қиличев.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда профилактик тиббиётни ривожлантириш, аҳолини скрининг текширувлари билан қамраб олиш, соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни оммалаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш давомийлиги барқарор ўсиб бормоқда.

Бироқ рақамларнинг янада ўсиши фақат тиббиёт тизимига боғлиқ эмас. Бу, энг аввало, ҳар бир инсоннинг ўз саломатлигига муносабатига ҳам боғлиқ. Чунки узоқ умр кўришнинг сири қимматбаҳо дори-дармонларда эмас, балки тўғри овқатланиш, етарли уйқу, мунтазам ҳаракат, руҳий хотиржамлик ва профилактик тиббий кўрикларни ҳаёт тарзига айлантиришдадир.
Япония тажрибаси бир ҳақиқатни яна бир бор исботлади: узоқ умр кўриш — тақдир инъоми эмас, балки онгли танлов ва интизом самарасидир. Агар ҳар биримиз бугунданоқ соғлом турмуш тарзини танласак, келгусида нафақат умр давомийлиги, балки соғлом ва фаол ҳаёт кечириш йиллари ҳам сезиларли даражада ортади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири