“Нефтчи” Суперлига пешқадамига айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 26-турини Термиз шаҳрида ўтказилган “Сурхон” ва “Андижон” жамоалари ўртасидаги ўйин якунлаб берди.
Мазкур учрашувда “Сурхон” клуби Рустам Турдимуродов, Беҳруз Каримов (дубль) ва Жавоҳир Жўраев томонидан киритилган голлар эвазига 4:0 ҳисобида “Андижон” жамоасини таслим қилди.

Суперлиганинг 26-тури натижаларига кўра, мусобақа жадвалида “Нефтчи” ва “Насаф” бир хил 57 очко билан 1–2 поғонадан жой олди. “Пахтакор” эса 52 очко билан кучли учликка кирди. Шунингдек, “Динамо” 47 ва “Бунёдкор” 46 очко билан 4–5 ўринда қайд этилди.
ОКМК жамоаси ҳозирда 41, “Навбаҳор” 37, “Қизилқум" эса 32 очко жамғариб, 6-8 поғонада жойлашди. “Сўғдиёна” 31 ва “Қўқон-1912” 29 очко билан 9–10 ўринларга тақсимланди. Жадвалнинг 11–12 поғонасида “Сурхон” ва “Андижон” бир хил - 28 очко билан ўрин олган бўлса, 13–14 ўринларда 24 очкога эга бўлган “Бухоро” ва “Хоразм” клублари ўрин эгаллади. Қуйи поғоналарда “Машъал” 23 ва “Шўртан” 12 очко билан қолди.

Айни дамда Суперлигада “Пахтакор” жамоаси ҳужумчиси Игор Сергеев 18 та гол урган ҳолда тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. Уни Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) ва Ҳусайн Норчаев (“Насаф”) 14 гол билан таъқиб этмоқда.

Миллий чемпионатимизнинг 27-тур учрашувлари 30 октябрь куни бошланиб, 3 ноябрь кунига қадар давом этади. Унда қуйидаги ўйинлар бўлиб ўтади:
30 октябрь: “Динамо” – “Хоразм”, “Навбаҳор” – “Насаф”;
31 октябрь: “Шўртан” – ОКМК;
1 ноябрь: “Андижон” – “Бухоро”;
2 ноябрь: “Нефтчи” – “Сурхон”, “Машъал” – “Қўқон-1912”, “Сўғдиёна” – “Қизилқум”;
3 ноябрь: “Пахтакор” – “Бунёдкор”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА