Нефть-газ саноатида самарадорлик ошмоқда
АОКАда ўтказилган брифингда “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъул ходими Гулҳаё Эргашева жамият тасарруфидаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти баҳоланишини маълум қилди.
Унга кўра, ишлаб чиқариш самарадорлиги индекси, технология самарадорлиги индекси, энергия самарадорлиги индекси ҳамда қудуқларнинг ишлатиш коэффициенти бўйича баҳолаш тизими жорий этилган.
2024 йил якунларига кўра, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ва Шўртан газ-ким мажмуасида асосий индекслар яхшиланган.
Хусусан, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида қайта ишлаш ҳажми 1 миллиард 889 миллион метр кубга ошди, самарадорлик индекси12,3 фоизга ўсди.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 75,4 минг тоннага кўпайди, самарадорлик индекси 3,7 фоизга яхшиланди. Шўртан газ-кимё мажмуасида эса қайта ишлаш ҳажми 5,7 минг тоннага ошиб, самарадорлик 3,6 фоизга ўсди. Шунингдек, полиэтилен ишлаб чиқариш 5,7 минг тоннага, суюқ углеводородлар эса 10,6 минг тоннага ортди.
Тадбирда таъкидланганидек, ишлаб чиқариш жараёнидаги йўқотишлар ҳам камайган. Муборак ва Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларида режадан ташқари тўхталишлар сони камайиб, йўқотишлар мос равишда 25 миллион 326 минг метр куб ва 9 миллион 453 минг метр кубга қисқарган.
Энергия тежамкорлиги бўйича кўрилган чора-тадбирлар ҳам самарадорликка ижобий таъсир этган. Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида минг метр куб табиий газни қайта ишлаш учун энергия сарфи 2,9 фоизга, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида 1 тонна хомашёни қайта ишлаш учун энергия сарфи 3,4 фоизга камайди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА