НДКТУ талабалари учун янги 400 ўринли турар жой
ФОТОРЕПОРТАЖ
Навоий вилоятида мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида қатор ижтимоий ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида давлат-хусусий шериклик асосида барпо этилган 400 ўринли янги талабалар турар жойидир.
Янги бинонинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда таълим сифатини юксалтиришда замонавий ўқув бинолари ва илғор технологиялар билан бир қаторда, талабалар учун муносиб яшаш ва таълим олиш шароитларини яратиш ҳам муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
[gallery-31050]
Сўнгги йилларда университетда талабалар учун замонавий турар жойлар барпо этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Янги 400 ўринли мажмуага қадар давлат-хусусий шериклик асосида яна иккита талабалар турар жойи қурилиб, фойдаланишга топширилган. Бу, айниқса, бошқа ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган ёшларни турар жой билан таъминлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Тадбирда янги бинода яратилган шароитлар намойиш этилди. Меҳмонлар талабалар учун мўлжалланган хоналар, маиший ва ўқув шароитлари билан танишди.
Янги талабалар турар жойида ёшларнинг яшаши, ўқиши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур шароитлар яратилган. Қулай хоналар, замонавий жиҳозлар ва умумий фойдаланиш жойлари талабаларнинг кундалик ҳаётини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
— Олис ҳудудлардан келиб, университетимизда таҳсил олаётган талабалар учун бундай имкониятларнинг яратилиши катта аҳамиятга эга. Қулай ва хотиржам муҳит ёшларнинг билим олиши, илмий изланишлари ва ўз устида ишлаши учун муҳим омилдир, - дейди Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ректори Б. Мардонов.
Янги талабалар турар жойининг ишга туширилиши университетда ёшларга яратилаётган шароитларни янада кенгайтириб, уларнинг сифатли таълим олиши ва ҳар томонлама ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратди.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА